Садир Жапаров халқидан электр узилишидан нолимасликни сўради

Олам

image
“Тўқтағул”да сув кам. Энергетика вазири қиш жуда оғир бўлишини айтди north_east

“Тўқтағул”да сув кам. Энергетика вазири қиш жуда оғир бўлишини айтди

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров аҳолидан қиш мавсумида электр таъминотидаги узилишлардан нолимасликни сўради. Бу ҳақда у бугун, 27 октябрь куни Жалолобод вилоятига амалий ташрифи чоғида Қоракўл ГЭСининг очилиш маросимида сўз очди.  

“Қишда электр таъминотидаги узилишлардан нолимайлик. 30 йил чидаганимиз боис яна 2,5 йил чидаймиз”, дейди у.

Унинг таъкидлашича, ГЭСнинг ишга туширилиши мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини таъминлаш ва миллий иқтисодиётни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамдир.

“Биз барқарор энергия таъминотини таъминлаймиз ва қишки танқисликни босқичма-босқич бартараф қиламиз. Икки ярим йилдан кейин Қирғизистон электр энергиясини импорт қилишни тўхтатади. Биз ишлаб чиқараётган энергия ички эҳтиёжни тўлиқ қоплайди”, деди у.

Президент ГЭС қурилиши белгиланган муддатдан беш ой олдин якунланганини таъкидлади. Лойиҳа тўлиқ маҳаллий “Жагалмай” компанияси томонидан миллий ресурслардан фойдаланган ҳолда амалга оширилди.

Садир Жапаровнинг қўшимча қилишича, айни пайтда республикада 40 га яқин кичик ва ўрта ГЭС, шунингдек, Қора-Кечеда янги ИЭС қурилмоқда. Бу станциялар ишга тушгач, Қирғизистон нафақат импортни йўқ қилиш, балки электр энергиясини экспорт қилиш имкониятига эга бўлади.

“Табиий бойликларимиздан унумли фойдалана бошладик. Бугунги лойиҳанинг ишга туширилиши мамлакатимиз энергетик мустақиллиги сари ишончли қадамдир", деди давлат раҳбари.

Маълумот учун, Қоракўл гидроэлектрстанцияси Қорасув дарёсида қурилган бўлиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланган. 15 йиллик фаолиятдан сўнг объект давлат мулкига ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда европалик инвесторлар иштирокида Норин дарёсида Қамбарота ГЭС-1 қурилиши бошланганди. СССРда 1988 йилда Қамбарота 1 ва 2-сонли ГЭС лойиҳалари маъқулланган, бироқ 1994 йилда маблағ йўқлиги сабабли 1- ГЭС қурилиши тўхтаб қолган (ўша пайтда ишларнинг 25 фоизи бажарилган эди).


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Садир Жапаров Қоракўл ГЭС электр узилиши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг