Рубен Варданян Қорабоғдан Арманистонга қочаётганда қўлга тушди
Олам
−
27 Сентябрь 2023
18743Озарбайжон чегарачилари тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси ҳукуматининг собиқ раҳбари Рубен Варданянни Арманистон ҳудудига ўтмоқчи бўлган вақтида қўлга олди. Бу ҳақда Озарбайжон Давлат чегара хизмати хабар берди.
“27 сентябрь куни “Лочин” назорат-ўтказиш пунктида мамлакатда ноқонуний бўлган, ўзини-ўзи Тоғли Қорабоғ Республикаси деб эълон қилган ҳудуднинг давлат вазири лавозимида ишлаган 1968 йилда туғилган Рубен Варданян қўлга олинди. У тезкор кучлар ҳамроҳлигида Бакуга олиб кетилган”, дейилади хабарда.
Аввалроқ Варданянга яқин манбанинг оммавий ахборот воситаларига билдиришча, у Арманистоннинг Сюник вилояти Горис шаҳрига кетишга уринган.
“Рубен Варданян Акари кўпригидан ўтаётганда қўлга олинди”, дейди манба.
Варданяннинг рафиқаси Вероника Зонабенд унинг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.
“Бугун эрталаб турмуш ўртоғим, хайриячи, тадбиркор ва Арцах Республикасининг собиқ давлат вазири Рубен Варданян Арцахдан чиқиб кетмоқчи бўлганида Озарбайжон ҳукумати томонидан қўлга олинди”, деб ёзди Варданяннинг Telegram’даги расмий каналида.
Арманистон расмийлари ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бермаган.
Рубен Варданян 2022 йилнинг ноябрида тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси давлат вазири этиб тайинланган ва 2023 йил февралида лавозимидан четлаштирилган эди. Россиялик тадбиркор Варданян “Тройка Диалог” компанияси асосчиси ва “Сколково” бошқарув мактабининг биринчи президенти. Ўтган йилнинг сентябрида Варданян Россия фуқаролигидан воз кечиб, Тоғли Қорабоғга кўчиб ўтиш ниятида эканлигини маълум қилган эди.
LiveБарчаси