Россиянинг Эрон-Исроил можароси бўйича таклифлари бор – Путин
Олам
−
21 Июнь
7209Россия Эрон ва Исроил ўртасидаги можарони ҳал қилиш бўйича таклифларга эга, Москва барча иштирокчилар, шу жумладан, АҚШ билан алоқада. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин кеча, 20 июнь куни Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида (ПМЭФ) маълум қилди.
Унинг айтишича, Россия музокараларда воситачилик қилишга интилмаяпти.
“Биз шунчаки ғояларни таклиф қилмоқдамиз ва агар улар иккала томон учун ҳам жозибадор бўлса, биз бундан фақат хурсанд бўламиз”, деди Путин.
Россия Президенти Эрон, Исроил ва АҚШ раҳбарлари билан гаплашганини ва уларга вазиятни ҳал қилиш бўйича ўз қарашларини тақдим этганини қўшимча қилди.
“Ҳозир бизнинг таклифларимиз ҳам муҳокама қилинмоқда, эронлик дўстларимиз билан алоқаларимиз бор – улар деярли ҳар куни содир бўлади, шунинг учун биз кўрамиз”, деди Путин.
Эслатиб ўтамиз, 13 июнь куни Исроил Эронга зарба берганидан сўнг Россия Президенти Владимир Путин Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ва Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан телефон орқали мулоқот қилганди. 14 июнь куни Путиннинг АҚШ Президенти Дональд Трамп билан телефон суҳбати бўлиб ўтди. Улар “Яқин Шарқдаги вазиятнинг хавфли кескинлашуви”ни муҳокама қилди. Трамп вазиятни “жуда хавотирли” деб атаган, Путин эса Россия икки давлат ўртасида воситачи сифатида ҳаракат қилишга тайёрлигини маълум қилганди. Россия ва АҚШ раҳбарларининг телефон суҳбати 50 дақиқа давом этганди.
18 июнь куни Дональд Трамп Россия Президенти Владимир Путиннинг Эрон ва Исроил ўртасидаги можарони ҳал қилишда воситачи бўлиш таклифига рад жавобини берганини айтди.
LiveБарчаси
16 Июль