Путин Пезешкиёндан сўнг Нетаньяху билан гаплашиб олди
Олам
−
13 Июнь
9794Бугун, 13 июнь куни Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари оқибатида вазиятнинг хавфли кескинлашуви муносабати билан Россия Президенти Владимир Путин Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Кремль хабар берди.
Россия раҳбари Исроил Бош вазири билан суҳбатда музокаралар жараёнига қайтиш ва Эрон ядро дастури билан боғлиқ барча масалаларни фақат сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал қилиш муҳимлигини таъкидлади, шунингдек, тарангликнинг янада кучайишига йўл қўймаслик учун воситачилик хизматларини кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Путин Нетаньяхудан олдин Эрон Президенти Масъуд Пезешкиёнга ҳам сим қоққанди. Россия Президенти Исроил зарбалари сабаб ҳалок бўлган Эрон раҳбарияти ва халқига ҳамдардлик билдирганди. Владимир Путин Россия Исроилнинг БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ нормаларига зид ҳаракатларини қоралашини таъкидлаган. У Россия томони Эрон ядровий дастури атрофидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича доимо фаол ҳаракат қилгани, ўз таклиф ва ташаббусларини илгари сурганини қайд этган.
Россия томони Эрон ва Исроил раҳбарияти билан бутун минтақа учун энг ҳалокатли оқибатларга олиб келадиган мавжуд вазиятни ҳал қилишга қаратилган яқин алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Эроннинг “ядровий дастурига қарши” зарба берганини эълон қилган эди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг айтишича, операциянинг мақсади “Эрон ядровий инфратузилмасига, баллистик ракета ишлаб чиқарувчи заводларига ва ҳарбий салоҳиятига зарар етказиш” бўлган.
Ҳужум оқибатида Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони генерал-майор Ҳусайн Саламий ҳалок бўлди. IRNA ва “Tasnim” ахборот агентликлари хабарига кўра, шунингдек, Эрон Атом энергияси ташкилотининг собиқ раҳбари Ферейдун Аббосий ва Исломий Озод университети президенти Муҳаммад Меҳди Теҳрончий ҳам вафот этган.
Эроннинг давлат IRIB телеканали ҳам Натанздаги ядровий дастур учун муҳим бўлган объектларда бир нечта портлашлар содир бўлганини хабар қилди.
Эрон ҳукумати эса Исроил томонидан ўз ҳудудига уюштирилган, тинч аҳоли, жумладан, олимлар ва ҳарбийлар ҳалок бўлган зарбаларига қаттиқ жавоб беришини маълум қилди.
Ўзбекистоннинг Эрон ва Исроилдаги элчихоналари ушбу мамлакатлардаги фуқароларга огоҳлантириш билан чиқиб, қатъий эҳтиёт чораларини кўришга чақирди.
Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам фуқароларга тегишли мурожаат билан чиқди.
Орадан бироз вақт ўтиб эса, Исроил Эронга қарши навбатдаги ҳужумларини ҳам бошлади. У Эрон шимоли-ғарбига янги ва кенг кўламли зарбалар берди. Ушбу ҳужумлар дронлар ёрдамида амалга оширилган. Табриз аэропорти яқинидаги темирйўл иншоотларига зарар етган, бу ҳудудда ҳаво мудофаа базалари жойлашган.
LiveБарчаси