Россиянинг Дуровга ҳеч қандай даъвоси йўқ – Путин (видео)
Олам
−
05 Сентябрь
4553Россияда Telegram туфайли Павел Дуровга нисбатан ҳеч қачон шикоятлар бўлмаган. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин бугун, 5 сентябрь куни Владивостокдаги Узоқ Шарқ федерал университетида бўлиб ўтаётган Шарқий иқтисодий форумнинг ялпи мажлисида сўз очди.
“Бошқа давлатлар ҳукуматларидан фарқли равишда Россия ҳукуматида Дуровга нисбатан ҳеч қандай шикоят йўқ эди. Агар хоҳласа, у мен билан Москвада учрашиши мумкин эди. Мен у Москвада яшайди деб ўйлардим. Лекин у Дубайда яшар экан. Дунё одамлари, миллиардерлар, улар хоҳлаган жойда яшашга қодир. Унга нисбатан ҳеч қандай шикоятимиз йўқ”, дейди Путин.
Кремль воизи Дмитрий Песков 2024 йил августида Бакуда Владимир Путин ва Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров ўртасида ҳеч қандай учрашув бўлмагани ҳақида маълум қилганди.
Россия раҳбарининг сўзларига кўра, у Дуров билан кўп йиллар олдин фақат бир марта учрашган ва уларнинг суҳбати Дуровнинг бизнесни ривожлантириш режаларига бағишланган. Путин тадбиркор билан Бакуда учрашмаганини ва унинг у ерда эканлигини билмаганини қайд этди.
Путин Дуровнинг Францияда ҳибсга олинишига тўхталар экан, француз расмийларининг хатти-ҳаракатлари унчалик аниқ эмаслиги, чунки улар алоҳида танлаб олинганини айтди ва Telegram’га ўхшаш бошқа платформалар раҳбарларига бундай чоралар кўрилмаганини қайд этди.
Маълумот учун, Павел Дуров 24 август куни кечқурун Париж аэропортида қўлга олинган. “Politico” нашрига кўра, Франция ҳукумати Дуровни ҳибсга олиш учун ордерни 2024 йил 25 мартда берган. Шу билан бирга, унинг акаси, Telegram асосчиси Николай Дуровни ҳибсга олиш учун ордер берилди. Ҳибсга олиш учун ордерлар “вояга етмаганларнинг порнографик тасвирларини эгаллаш, тарқатиш ёки улардан фойдаланишни таклиф қилишда иштирок этганлик” учун чиқарилган.
26 август куни тушдан кейин Франция прокуратураси 12 та жиноят бўйича номаълум шахсларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида пресс-релиз эълон қилди. Улар орасида ваколатли органлар сўровига кўра маълумот беришдан бош тортиш, вояга етмаганларнинг порнографик тасвирларини сақлашга шериклик, гиёҳванд моддаларни тарқатишда иштирок этиш, хакерлик дастурларини тарқатишда иштирок этиш кабилар бор.
28 август куни Дуров Парижда ҳибсдан 5 миллион евро гаров эвазига озод қилинди. Унга Франциядан чиқиб кетиш тақиқланди ва ҳафтасига икки марта полицияга хабар бериб туриши шарти қўйилди.