Россиялик кузатувчилар раҳбари Мирзиёев ҳузурида бўлди 

Жамият 1910
image

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги кузатувчиларининг мамлакатдаги миссиясига бошчилик қилаётган МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедевни қабул қилгани ҳақида хабар бергандик.

Шундан сўнг, Мирзиёев мамлакатдаги Президент сайловини кузатиш учун келган россиялик кузатувчилар делегациясига бошчилик қилаётган Россия Федерацияси Федерал Кенгаши Давлат Думаси қўмитаси раиси Леонид Калашниковни қабул қилди.

Россия парламенти вакили Ўзбекистон етакчисини Президент сайловида ишончли ғалабага эришгани ва сайлов кампанияси муваффақиятли ўтказилгани билан дилдан қутлади.

Сайлов жараёнлари илғор халқаро амалиёт ва стандартларга мувофиқ тайёрлангани ва ташкил этилгани борасида қилинган ишлар юксак баҳоланди.

Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Парламентлар ўртасида яқин ва сермаҳсул мулоқот йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди.

Савдо, инвестиция, таълим, туризм ва маданият соҳаларидаги икки томонлама шерикликни, шунингдек, МДҲ маконидаги минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун катта имкониятлар борлиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 24 октябрь куни ўтказилган Ўзбекистон Президенти сайловининг дастлабки натижаларига кўра, ЎзЛиДеп номзоди Шавкат Мирзиёев 80,1 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. 

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон билан стратегик алоқаларга эга бўлган бир қанча давлатларнинг раҳбарлари, аллақачон, Мирзиёевни мамлакат президентлигига қайта сайлангани билан табриклаб бўлган. Жумладан,  Россия Президенти Владимир Путин, Беларусь раҳбари Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Озарбайжон Президенти Илҳоим Алиев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Мирзиёевни ишончли ғалаба билан табриклаб улгурди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 25
Рейтинг: 3.1
t
×