Мирзиёев МДҲ кузатувчилар миссияси раҳбарини қабул қилди
Жамият 25 Октябрь 2021 20:50
1629
Бугун, 25 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги кузатувчиларининг мамлакатдаги миссиясига бошчилик қилаётган МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедевни қабул қилди.
Учрашув аввалида МДҲ Ижроқўми раиси давлат раҳбарини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ишончли ғалабага эришгани билан самимий қутлаб, мамлакат фаровонлиги ва равнақини таъминлаш йўлидаги фаолиятига катта муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги ва сайлов тартиботларини ривожлантиришда сезиларли ютуқларга эришилгани алоҳида таъкидланди.
МДҲ доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари Ўзбекистон Ҳамдўстлик маконида, энг аввало иқтисодий йўналишда амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдори эканини таъкидлади.
Хусусан, ташкилотнинг шу ойда видеоанжуман шаклида ўтказилган юбилей саммити якунида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 24 октябрь куни ўтказилган Ўзбекистон Президенти сайловининг дастлабки натижаларига кўра, ЎзЛиДеп номзоди Шавкат Мирзиёев 80,1 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.