Россияда полицияга пора берган ўзбекистонлик ҳибсга олинди
Олам
−
06 Январь
5340Россиянинг Челябинск вилояти суди Ўзбекистон фуқаросини пора беришда айблаб, ҳибсга олди. Бу ҳақда вилоят Тергов қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
“Ўзбекистон Республикаси фуқароси Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 291-моддаси 3-қисми (ноқонуний ҳаракатларни амалга ошириш учун пора бериш) бўйича айбланмоқда. Унга айблов эълон қилинди ва суднинг қарорига кўра, ҳибсга олиш жазоси тайинланди”, дейилади хабарда.
Тергов маълумотларига кўра, жорий йилнинг 1 январь куни айбланувчи полиция бўлими биносида бўлган ва воситачи орқали полиция ходимига – Челябинск шаҳри Металлургия бўлимига қарашли Ички ишлар бошқармаси Миграция масалалари бўлими раҳбари ўринбосарига пора берган. Мазкур ходим эса ҳуқуқ-тартибот органларининг тезкор тадбирида иштирок этган. Бу пора фуқарони миграция қоидаларини бузганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортмаслик мақсадида берилган.
Қайд этилишича, ҳозирда жиноят иши бўйича далилларни йиғиш ва мустаҳкамлаш мақсадида тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Санкт-Петербургда Россияда ноқонуний бўлиб турган ўзбекистонлик 21 ёшли йигит 25 ёшли қизни зўрлашда гумонланаётгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси
07 Январь