Россияда мигрантлар болаларининг мактабга бориши тақиқланиши мумкин
Олам
−
12 Ноябрь
3090Россия Давлат Думаси мигрантларнинг рус тилини билмайдиган болаларини мактабларга қабул қилишни тақиқлаш бўйича қарор лойиҳасини тайёрламоқда. Бу ҳақда Дума спикери Вячеслав Володин маълум қилди.
“Биз ҳуқуқни қўллаш соҳасидаги зарур чораларни таҳлил қилдик ва ҳал қилиниши керак бўлган муаммоли масалаларга эътибор қаратдик. Қарор доирасида ҳукуматга меҳнат миграцияси, шунингдек, мигрантлар билан келаётган уларнинг оила аъзоларига оид таклифларни йўллаймиз. Ваколатли давлат органлари доирасида комплекс ечимларни ишлаб чиқишни таклиф қиламиз”, деди у.
Володинга кўра, қарор лойиҳасида мигрантлар болаларини мактабларга қабул қилишда Россия ҳудудида хорижий фуқароларнинг қонуний бўлишини текшириш ва рус тили билимини синовдан ўтказиш учун тестдан ўтишни мажбурий қилиш, шунингдек, рус тилини билишни тасдиқловчи ҳужжат бўлмаган тақдирда умумтаълим ташкилотларига қабул қилмаслик таклиф этилади.
“Шу муносабат билан мазкур мавзу бўйича қонун лойиҳаси киритилади” деди Дума раиси.
Билдирилишича, депутатлар қарор лойиҳасини 20 ноябрь куни кўриб чиқади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда мигрантларнинг болаларини мактабларга қабул қилиш жараёни қийинлашиб, аризаларни кўриб чиқиш муддати сезиларли даражада узайгани хабар қилинган эди.