Россияда коронавирус вакцинаси синови якунланди
Олам
−
12 Июль 2020
54612Россиянинг Сеченов университетида коронавирусга қарши дунёдаги илк вакцинани кўнгиллиларда синовдан ўтказиш ниҳоясига етказилди. Бу ҳақда РИА Новостига университетнинг трансляцион тиббиёт ва биотехнология институти директори Вадим Тарасов хабар берди.
Клиник синов 18 июндан бери олиб борилган. Вакцинани Н.Ф.Гамалеи номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология тадқиқот маркази мутахассислари тайёрлаган.
Кўнгиллиларнинг илк гуруҳи 14 июль, сешанба куни, иккинчиси 20 июлда шифохонадан чиқарилади.
Сеченов университетининг Паразитология, тропик ва трансмиссиявий касалликлар институти директори Александр Лукашев бу босқичда вакцина инсон саломатлиги учун хавфсиз эканини кўрсатиш муҳим бўлганини таъкидлаган.
Клиник синовлар бошланишидан олдин кўнгиллилар коронавирусга қарши антитана йўқлигига текширилган. Сўнг икки ҳафтага яккалаб қўйишган. Шундан сўнг олимлар организмни коронавирусга қарши иммунлаштиришган.
Кўнгиллилар икки гуруҳга ажратилган – биринчи гуруҳ иштирокчилари бир доза вакцина олган, иккинчиси иккита. Барча иштирокчилар ҳозирда ўзини яхши ҳис қиляпти. Иньекция организмда салбий реакция бермаган. Фақатгина вакцина юборилганидан кейин дастлабки кунларда тана ҳарорати кўтарилган.
Тез орада синов иштирокчилари одатий ҳаётига қайтади. Аммо шифохонадан чиқарилгандан кейин ҳам шифокорлар уларнинг иммун тизимини назорат қилиб боради.
Қайд этилишича, вакцинани келажакда ишлаб чиқариш эпидемиологик вазият ва кенг кўламда ишлаб чиқариш имкониятидан келиб чиқади.
LiveБарчаси