Россияда қоидабузарлик қилган ўзбекистонлик мамлакатдан қувилди
Олам
−
03 Июль
6758Россияда яшаш учун рухсатномаси бекор қилинган 29 ёшли Ўзбекистон фуқароси расмий равишда у ердан депортация қилинди. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Ушбу фуқаро дастлаб Россияга тиббиёт факультетида ўқиш учун борган, бироқ 2025 йилнинг июнь ойида ўқишдан четлатилган. 2021 йилда унга яшаш учун рухсатнома берилган. У Мордовия Республикасининг Саранск шаҳрида вақтинча яшаш жойи бўйича миграцион рўйхатда турган.
Жорий йилнинг 10 июнь куни ушбу шахс Мордовия бўйича Ички ишлар вазирлиги ва ФХХ ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Сабаб сифатида ижтимоий тармоқларда Саранск марказида безорилик ҳаракатларини акс эттирувчи видео жойлаштирилгани кўрсатилган. Видеода у аёлларга ва маҳаллий аҳолига нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатган.
Шундан сўнг у Саранскдаги 3-сонли Ички ишлар бўлимига олиб борилган. Унга нисбатан Россия Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 20.1-моддаси 1-қисми (майда безорилик) ва 18.8-моддаси 1-қисми (чет эл фуқаросининг Россия Федерациясига кириш ва яшаш тартибини бузиши) бўйича баённомалар тузилган.
Суд қарори билан унга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Шунингдек, “Россия Федерациясида чет эл фуқароларининг ҳуқуқий мақоми тўғрисида”ги федерал қонунга асосан, унга берилган яшаш учун рухсат бекор қилинган ва Россияга киришига тақиқ қўйилган.
ИИВ хабарига кўра, ўзбекистонлик фуқаро жорий йилнинг баҳорида ҳам бир неча бор маъмурий жавобгарликка тортилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Волжск шаҳрида саккиз нафар Ўзбекистон фуқаросини уйига рўйхатга қўйган 63 ёшли маҳаллий фуқарога нисбатан жиноий иш қўзғатилганди.
LiveБарчаси