Россияда қамалган америкалик спортчи суд қарорига норозилик билдирди

Спорт 6055
image

Россияда 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган америкалик баскетболчи Бриттни Грайнер жамоаси суд ҳукми устидан апелляция шикояти берган. Бу ҳақда спортчининг адвокати Мария Благоволинанинг сўзларига таяниб, РИА Новости нашри хабар берди.

“Бриттни Грайнернинг ҳимоясидаги жамоа Химки суди ҳукми устидан апелляция берди”, деган Благоволина.

Қайд этиш керакки, баскетболчи жорий йилнинг 17 февраль куни “Шереметьево” аэропортида қўлга олинган. Унинг юкидан 0,702 г ҳаш ёғи топилган. Унинг ўзи буни тан олган, лекин у гиёҳванд моддаларни сотмаганлигини, балки уларни ўзи учун ишлатганини айтган. Унга гиёҳванд моддалар контрабандаси (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 229.1-моддаси 2-қисми) ва уларни ноқонуний ташиш (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 228-моддаси 1-қисми) айблови қўйилган.

Грайнер ёрдам сўраб Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байденга мактуб ёзган эди. Дарҳақиқат, ушбу мактуб Жаноб Байденгача етиб борди ва у спортчини АҚШга қайтариш учун барча имкониятларни ишга солишини айтганди.

Шундан сўнг , АҚШ ва Россия ўртасида ўзаро маҳбусларни алмаштириш борасида музокаралар ўтказилди. Аммо бу музокаралар натижасиз тугади.

Якунда, Бриттни Грайнер гиёҳванд моддалар контрабандасида ва ташишда айбдор топилиб, Химки суди томонидан 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди ва 1 миллион рубль жаримага тортилди. 

Маълумот ўрнида, Бриттни баскетбол бўйича АҚШ аёллар терма жамоаси билан биргаликда икки карра Олимпия чемпиони ҳисобланади. У 2015 йилдан бери Россиянинг УГМК баскетбол клубида фаолият юритиб келади. Шунингдек, Грайнер WNBA'нинг энг кучли 25 баскетболчиси рўйхатига киритилган.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 206
Рейтинг: 3
t
×