Россия жасадларни топширишда ҳам алдаяпти – Зеленский
Олам
−
21 Июнь
9312Украина Президенти Владимир Зеленский Россия томони ҳарбийлар жасадларини алмашиш чоғида Украинага Россия ва бошқа мамлакатлар фуқароларининг жасадларини “украин ҳарбийлари” сифатида топширганини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 21 июнь куни журналистлар билан ўтказилган брифингда сўз очди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, ҳозиргача ўрганилган ҳолларда 20 та жасаднинг аслида Россия ёки бошқа давлатлар фуқароларига тегишли экани аниқланган.
“Масалан, улар бизга “украин ҳарбийлари” деб берган жасадлар орасида Исроил фуқароси бўлган ёлланма аскар ҳам бор эди. Унинг ёнида Исроил ҳужжатлари бўлган. Улар эса бизга фақат украиналиклар борлигини айтишганди. Аммо бу ёлғон ва бу ҳолат расмий қайд этилган”, деган Украина раҳбари.
Қолаверса, Украина Президенти бу каби ҳолатлар такрорий бўлаётганини таъкидлаган.
“Баъзида улар ҳатто россиялик паспортли жасадларни ҳам топширади. Бу шуни англатадики, улар кимни юбораётганини ўзлари ҳам билмайди, эҳтимол жасадлар сони кўплиги сабабли назоратдан чиқиб кетган. Бундай ҳолатларда мутахассислар экспертиза ўтказиши керак бўлади. Бу эса вақт талаб қилади”, дея қўшимча қилган Зеленский.
Шу орада Россия Президентининг ёрдамчиси ва Украина билан музокаралардаги делегация раҳбари Владимир Мединский Украина томонидан илгари сурилган жасадлар алмашувида бегона шахслар топширилгани ҳақидаги айбловларни қатъиян рад этган.
Унинг айтишича, Россия ўз зиммасига олган барча мажбуриятларни тўлиқ бажариб келмоқда.
“Биз таҳмин қиламизки, жасадлардан бири – бу жанг майдонидан олинган россиялик аскар бўлиши мумкин. Шундан сўнг эса, украин пропагандачилари ўзларининг эски методикалари асосида фейк тарқатган”, деган Мединский.
Украина томони илгари сурган далиллардан бири – жасад билан бирга топилган ҳарбий билет бўлган. Бироқ Мединский бу билетлар эски намунадаги экани, бундай ҳужжатлар деярли қолмаганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 июнь куни Украина Россиядан 1200 нафар ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг жасадини қабул қилиб олганди. 16 июнь куни эса Украина Россиядан яна 1245 қурбоннинг жасадини қабул қилиб олди.
LiveБарчаси