Украина Россиядан 1200 нафар ҳарбийнинг жасадини олди (видео)
Олам
−
14 Июнь 6547 2 дақиқа
Кеча, 13 июнь куни Украина Россиядан 1200 нафар ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларининг жасадини қабул қилиб олди. Бу ҳақда Украина Ҳарбий асирлар ишлари бўйича координацион штаби маълум қилди.
Қайд этилишича, жасадлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар терговчилари ва Ички ишлар вазирлигининг экспертлари иштирокида идентификациядан ўтказилади. Бу репатриация, яъни жасадларнинг ватанга қайтарилиши жорий йилнинг 2 июнь куни Истанбулда ўтказилган музокараларда эришилган икки томонлама келишувларга мувофиқ амалга оширилган.
Россия томони эса Украина ҳали ўз зобитларининг жасадларини қайтармаганини билдирди. Россия делегациясига яқин манбалар бу ҳолатни тасдиқлаган.
“Биз Украинага 1200 та жасад бердик. Улар эса бизга битта ҳам жасад бермади”, дейди ҳарбий мухбир Александр Коц.
Маълумотларга кўра, жасадлар алмашинуви 11 июндан бошлаб Истанбул келишуви асосида бошланган бўлиб, ҳар икки томон жами 6000 нафаргача ҳалок бўлган ҳарбийни қайтариши режалаштирилган. Шу кунгача Россия томони 1212 жасадни, Украина эса атиги 27 жасадни қайтарган.
Шунингдек, 9 июнь куни томонлар 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган ҳарбий асирларни алмашган. Бунинг натижасида яраланган ва оғир яраланганлар ҳам уйларига қайтарилган. Аммо бу алмашувлар доирасида айнан қанча одам қайтарилгани расмий тарзда ошкор қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ва Украина Истанбулдаги музокаралар чоғида келишилган ҳарбий асирларни алмашишнинг навбатдаги раундини ўтказгани хабар қилинганди.
Live
Барчаси