Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик кенгашлари ҳамкорлик режасини имзолади
Олам
−
09 Ноябрь 2023
3489Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов билан амалий учрашув ўтказди. Бу ҳақда Россия Хавфсизлик кенгаши матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, музокаралар чоғида мавқедошлар Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилган, икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат ва бир-бирларининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган ўзгармаслигини таъкидлаган.
Учрашув якунида икки давлат хавфсизлик кенгаши аппаратлари ўртасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик режаси имзоланган.
Маълумот учун, кеча, 8 ноябрь куни МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик кенгашлари котиблари ўзининг йиллик йиғилиши учун Москвага тўпланди. Тадбирда Россия томонидан Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев иштирок этмоқда.
Учрашувда МДҲ маконида минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг долзарб муаммолари, шунингдек, хавфсизлик соҳасида мамлакатларнинг икки ва кўп томонлама форматдаги амалий ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинади.
Ҳамдўстликка аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгаши котибларининг йиллик йиғилиши 11-маротаба ўтказилмоқда. Аввалгиси 2022 йилнинг ноябрида Москвада бўлиб ўтган.