Бин Лодин АҚШ агенти бўлган – россиялик мулозим

Олам

image

Россия ва АҚШ президентларининг келишувига биноан Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ва Марказий разведка бюроси (МРБ) Усома бин Лодинни йўқ қилиш бўйича ҳамкорликдаги операцияни тайёрлаган. Бу ҳақда Россия Президенти ёрдамчиси, Денгиз ҳайъати раиси Николай Патрушев “Вести” журналисти Наталья Литовкога берган интервьюсида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, Россия махсус хизмати келишувнинг ўз зиммасидаги қисмини бажарган, аммо америкаликлар бажармаган.

“Ҳар бир хизматнинг ўз роли бор эди: бир томондан МРБ, иккинчи томондан ФХХ. Улар биздан у жойлашган ерга маёқ ўрнатиб беришимизни сўрашди. Ўзлари эса зарба бериб, уни йўқ қилишлари керак эди. Келишув мана шундай бўлган. Уларнинг бизнинг бу вазифани уддалай олмаслигимизга, ишончи комил эди. Биз вазифани бажардик… Бироқ улар журъат қила олишмади, зарба беришмади”, дейди Патрушев.

МРБ директори кейинчалик нима сабабдан операция барбод бўлганига бирор-бир тушунтириш бера олмаган.

“Аммо биз у уларнинг агенти эканини ва маълум вақтгача ундан фойдаланишганини яхши биламиз. У махсус хизматлар фаолиятига шунчаки доғ тушириб, уларга халақит бера бошлаган пайтда эса уни йўқ қилишди”, дея қўшимча қилган Патрушев.

Маълумот учун, Усома бин Лодин – “Ал-Қоида” халқаро террористик ташкилоти асосчиси ва собиқ раҳбари бўлиб, 2001 йилнинг 11 сентябрида Нью-Йоркдаги эгизак миноралар портлатилган йирик теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олган. АҚШ ҳукумати расмий версиясига кўра, бин Лодин 2011 йилнинг 2 май куни Покистоннинг шимоли-ғарбида жойлашган Абботтобод шаҳридаги виллада махсус операция давомида йўқ қилинган. “Ал-Қоида” ҳам ушбу маълумотни тасдиқлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция ҳукумати “Ал-Қоида”нинг собиқ раҳбари Усома бин Лодиннинг ўғли Омарга мамлакат ҳудудига киришни расман тақиқлагани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг