Ўзбекистон ва Россия террористик гуруҳ аъзоларини ушлади (видео)

3-саҳифа

image

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг Россия Федерал хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда ўтказган тадбирларида Россияда 7 нафар ва Ўзбекистон ҳудудида 2 нафар халқаро террорчилик ташкилоти аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур шахслар Россия ҳудудида бўлган вақтида диний экстремистик оқим таъсирига тушиб, халқаро террорчилик ташкилоти фаолиятида иштирок этган ва ўз сафларини турли давлатлардан келган меҳнат муҳожирларини ёллаш ҳисобига кенгайтириш билан шуғулланган.

Улар яширин йиғилиш ташкил этиб, Telegram орқали видеоконференция йўли билан “умумжаҳон халифалиги” деб аталувчи доктрина асосида тизимли ўқитиш ва террорчилик ташкилотига жалб қилиш ишларини амалга оширган. Уларнинг бу фаолияти ҳориждаги ғоявий маслакдошлари томонидан мувофиқлаштирилиб борилган.

Тўпланган материаллар асосида Россия Тергов қўмитаси томонидан уларга нисбатан террористик ташкилот фаолиятини ташкил этиш ва унда иштирок этиш бўйича жиноят иши қўзғатилган. 

ДХХ томонидан Қашқадарё вилоятида ўтказилган фаол тадбирлар натижасида айнан шу гуруҳнинг яна 2 аъзоси қўлга олинган. Аниқланишича, бу шахслар ҳам Россиядаги яширин жамоат аъзолари томонидан Telegram'да ташкил этилган  виртуал гуруҳларга аъзо бўлиб, ХТТнинг  ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва амалдаги сиёсий тузумни конституцияга зид равишда ўзгартиришни тарғиб қилувчи материалларини тарқатиб келган. 

Шунингдек, уларнинг яшаш хонадонлари кўздан кечирилганда, 4 та уяли алоқа воситаси, 3 дона экстремистик ғоялар билан йўғрилган адабиётлар, 2 та флеш хотира ва 1 та ҳорижий давлатга тегишли бўлган SIM-карта далилий ашёлар сифатида олинган ҳамда экспертизадан ўтказиш учун тегишли ташкилотларга юборилган. 

Билдирилишича, ҳозирда ҳибсга олинган шахсларга нисбатан тергов ва терговга қадар ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон шаҳрида жиҳодчилар диний экстремистик оқимининг яширин жамоати фаолияти аниқланганди. Жамоат етакчиси ўз атрофига 12 нафар шахсни йиғиб, жамоат ташкил этган ҳолда шаҳардаги турли чойхоналарда тўпланиб, келгусида Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террорчилик ташкилотига  қўшилишни ният қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати террорчилик ташкилоти Федерал хавфсизлик хизмати экстремистик оқим

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг