Россия Дуровни “экстремист ва террористлар” рўйхатига киритди
Олам
−
31 июл 905 2 дақиқа
Россиянинг Молиявий мониторинг федерал хизмати (Росфинмониторинг) Telegram асосчиси Павел Дуровни экстремистлар ва террористлар рўйхатига киритди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Бундан аввал Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Дуровга нисбатан террорчилик фаолиятига кўмаклашиш моддаси бўйича айблов эълон қилинганини билдирган эди.
Бунга кўра, Telegram маъмурияти Украина махсус хизматлари, террорчи ва экстремистик ташкилотлар томонидан Россия ҳудудида терактлар, қотилликлар ҳамда бошқа жиноятларни режалаштиришда фойдаланилган канал, чат ва ботларни ўз вақтида чекламаган. Шунингдек, ФХХ Дуровни халқаро қидирувга бериш жараёни бошланганини маълум қилган.
Нашрнинг ёзишича, мазкур чоралар Россия ҳукуматининг Telegram фаолиятига нисбатан босимини янада кучайтирган. Москва платформани чеклаш орқали давлат назоратидаги рақамли хизматларни оммалаштириш ва интернет маконидаги назоратни кучайтиришга интилаётгани қайд этилган.
Айбловларга жавобан Telegram'нинг X ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида Павел Дуровнинг норозилик ишорасини кўрсатаётган сурати эълон қилинган. Дуровнинг ўзи эса Telegram-каналида “Уларни адаштирманг” сарлавҳаси билан мем жойлаштириб, унда ўзини “террорчиларнинг шериги” сифатида тасвирланган суратни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг “Толибон” ҳаракати вакиллари билан тушган сурати билан қиёслаган.
Шу билан бирга, Россия Президенти матбуот хизмати мамлакатда Telegram'дан фойдаланиш тақиқланмаганини билдирган. Унда айтилишича, мессенжерни тақиқланган ташкилот деб топиш бўйича алоҳида қарор қабул қилинмаган.
Маълумот учун, Павел Дуров 2014 йилда Россияни тарк этган ва кейинчалик Telegram бош қароргоҳини Дубайга кўчирган. Компания маълумотларига кўра, мессенжер дунё бўйлаб 1 миллиарддан ортиқ фойдаланувчига эга бўлиб, Россия, Украина ва бошқа қатор мамлакатларда кенг оммалашган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг 29 июль куни Франциялик адвокат Филипп де Вел Россияда Павел Дуровга нисбатан қўйилган айбловлар юзасидан муносабат билдириб, Франция ўз фуқароларини бошқа давлатларга экстрадиция қилмаслигини айтган эди.
Live
Барчаси