Шойгу Россия Мудофаа вазири лавозимини тарк этади
Олам
−
13 Май
18271Россия Мудофаа вазири лавозимида 12 йил ишлаб келган Сергей Шойгу ўз лавозимини тарк этади. Унинг ўрнини собиқ бош вазир ўринбосари ва иқтисодчи Андрей Белоусов эгаллайди. Бу ҳақда Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
Песков бу қарорни “Мудофаа вазирлиги инновацияларга мутлақо очиқ бўлиши, барча илғор ғояларни жорий этиши, иқтисодий рақобатбардошлик учун шарт-шароит яратиши” билан изоҳлади.
Кремль воизи Шойгунинг янги лавозимини тушунтирар экан, собиқ мудофаа вазири ҳарбий-саноат мажмуаси ишига чуқур шўнғиб кетганини айтди.
Песковнинг сўзларига кўра, энди Шойгу Россия Хавфсизлик кенгаши котиби ва айни пайтда ҳарбий-саноат комплекси комиссиясида Президент ўринбосари бўлади.
“Шойгу бу иш билан чуқур шуғулланган, у аниқ корхоналарда ҳарбий-саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш суръатларини жуда яхши билади ва бу корхоналарга тез-тез бориб туради”, дея тушунтирди Песков.
У Ҳарбий-техник ҳамкорлик федерал хизмати Мудофаа вазирлигидан Президентга ўтказилаётганини эслатди.
"Унинг ишини ҳам Сергей Шойгу бошқаради ва назорат қилади. Собиқ мудофаа вазири ичкаридан ва аввалги иш жойидаги ҳамкасблари ва ҳамкорлари билан бирга жуда яхши биладиган соҳада фаолиятини давом эттиради", дейди Песков.
Песков Мудофаа вазири лавозимига олдин ҳукуматда иқтисодий блокни бошқарган Андрей Белоусов тайинланишини тушунтирар экан, яқинда хавфсизлик блокининг бюджети 6,7 фоизга ошганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Россия аста-секин "80-йилларнинг ўрталаридаги вазиятга" яқинлашмоқда, ўшанда хавфсизлик блокига сарфланган харажатлар улуши 7,4% эди.
“Хавфсизлик блоки иқтисодиётини мамлакат иқтисодиётига интеграция қилиш жуда муҳим”, дейди Песков.
Кремль Шойгудан олдин Хавфсизлик Кенгаши котиби бўлган Николай Патрушев яқин бир неча кун ичида қаерда фаолиятини давом эттиришини маълум қилишга ваъда берди.