Виктор Маҳмудов Москвада МДҲ йиғилишида қатнашди
Олам
−
12 Ноябрь
5240Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Москвада Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг Хавфсизлик кенгашлари котиблари иштирокида XII йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ҳам иштирок этди. Бу ҳақда ташкилот сайтида хабар берилди.
Россия Федерацияси хавфсизлик Кенгаши котиби Сергей Шойгу раислигида бўлиб ўтган учрашувда нацизм мафкурасининг тикланишига қарши кураш, ахборот ва киберхавфсизлик масалалари, шунингдек, суверенитетни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган.
Йиғилишда Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари хавфсизлик кенгашлари котиблари ҳам иштирок этган.
Шунингдек, Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу мамлакат Президенти Владимир Путининг мурожаатини ўқиб эшиттирган.
Унга кўра, муҳокамага қўйилган масалалар ниҳоятда муҳим ва долзарб. Ушбу муаммоларни самарали ҳал қилиш МДҲ давлатларида кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш, жамоавий хавфсизликни таъминлаш, миллий иқтисодиётларнинг ўсиши ва интеграция жараёнларини ривожлантириш учун шароит яратишга катта ҳисса қўшади.
Бундан ташқари, учрашувда томонлар замонавий шароитларда халқаро хавфсизликка таҳдид ва хатарлар, МДҲ давлатлари ўртасида ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасидаги асосий ҳамкорлик йўналишлари, шунингдек, Афғонистон бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Виктор Маҳмудов Санкт-Петербургдаги “Экспофоруме”да бўлиб ўтган хавфсизлик масалалари бўйича олий вакилларнинг XII халқаро йиғилишида қатнашиб, Марказий Осиё давлатлари ташқи кучлар томонидан босимга учраётганини айтган эди.