Марказий Осиёга ташқи кучлар томонидан босим бўляпти – Ўзбекистон Хавфсизлик Кенгаши

Жамият

image

Марказий Осиё давлатлари ташқи кучлар томонидан босимга учрамоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби Виктор Маҳмудов бугун, 25 апрель куни Санкт-Петербургдаги “Экспофоруме”да бўлиб ўтаётган хавфсизлик масалалари бўйича олий вакилларнинг XII халқаро йиғилишида сўз очди.

“Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасига ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида қарайди ва бу минтақада тинчлик, хавфсизлик ва ишонч маконини ўрнатиш бўйича фаол саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Бугунги кунда, афсуски, минтақа давлатлари Марказий Осиё давлатларининг миллий манфаатларини ҳисобга олмасдан танлашга мажбурлашга уринаётган ташқи кучларнинг босимини бошдан кечиришда давом этмоқда”, дейди Маҳмудов.

Россия Хавфсизлик Кенгаши матбуот хизматининг хабар қилишича, хавфсизлик масалалари бўйича олий вакилларнинг XII халқаро учрашуви доирасида МДҲга аъзо давлатлар Хавфсизлик Кенгашлари котиблари терроризмга қарши биргаликда курашиш масалаларини муҳокама қилган. Тадбирни Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби Николай Патрушев олиб борган.

“Постсовет ҳудудидаги вазият бўйича фикр алмашилди, шунингдек, террорчилик таҳдидларига қарши биргаликдаги саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди, тарихий хотирани асраб-авайлаш, нацизм ва тажовузкор миллатчилик ғояларини қайта тиклашга уринишларга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди",  дейилади хабарда.

Маълумот учун, ҳозирда Кэмерон савдо, хавфсизлик ва атроф-муҳит бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Мўғулистонга сафар қилмоқда. "The Independent" нашрининг ёзишича, Кэмерон Марказий Осиё мамлакатларининг қийинчилик билан эришилган мустақиллигини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан ҳам фикр алмашмоқчи. Шунингдек, у Британия университетларида хорижликларнинг таълим олишини қўллаб-қувватловчи Chevening стипендиялари учун маблағ миқдори икки баравар оширилиши ва келгуси уч йил давомида минтақа бўйлаб ривожланиш харажатлари учун 50 миллион фунт стерлинг ажратилишини маълум қилмоқчи.

Эслатиб ўтамиз, 22 апрель куни Дэвид Кэмерон Тожикистонга борган ва у ерда Президент Имомали Раҳмон қабулида бўлганди. Шундан сўнг у Бишкекда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан ҳам учрашди. 23 апрель куни у Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан музокара ўтказди ва томонлар орасида Кенг қамровли шерикчилик тўғрисидаги декларация ҳамда Минтақавий ва халқаро боғлиқлик ҳамда инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланди. Шу куни у Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева билан ҳам учрашди. Учрашувда Ўзбекистон ва Буюк Британия сиёсий-дипломатик мулоқотини кенгайтириш, шунингдек, халқаро майдонда конструктив ҳамкорликни давом эттириш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар муносабатларни мустаҳкамлаш, парламент алоқаларини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинган. Кэмерон Президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлгани йўқ. Чунки у 22 апрель кунидан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққанди. Қозоғистонда эса Кэмерон Президент Қосим-Жомарт Тўқаев қабулида бўлди, Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу билан учрашди ва икки давлат орасида стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Марказий Осиё Виктор Маҳмудов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг