Россия ва Қозоғистон ядро қуролини тарқатмаслик бўйича келишиб олди
Олам
−
10 Ноябрь 2023
3887Россия ва Қозоғистон ядро қуролини тарқатмаслик соҳасидаги кўп томонлама механизмларни қўллаб-қувватлайди, шунингдек, космосда қуроллар жойлаштирилишининг олдини олиш бўйича ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда Россия ва Қозоғистон Президентлари Владимир Путин ва Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Остонадаги музокараларда қабул қилинган қўшма баёнотида сўз борган.
“Томонлар Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартноманинг асосий тамойилларига мувофиқ ядро қуролини тарқатмаслик соҳасидаги кўп томонлама механизмларни – ядро қуролини тарқатмаслик, қуролсизланиш ва атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишни қўллаб-қувватлаш ниятида”, дейилади ҳужжатда.
Шу билан бирга, Россия ва Қозоғистон бир вақтнинг ўзида коинотда қурол-аслаҳа жойлаштирилишига ва космик объектларга нисбатан куч ишлатиш ёки куч ишлатиш билан таҳдид қилишга қарши чиқиш, шунингдек, космосга биринчи бўлиб қурол жойлаштирмаслик тўғрисида сиёсий мажбурият олиш ташаббусини илгари суриш ниятида.
Ҳужжатга кўра, шунингдек, икки давлат биологик хавфсизлик ва ахборот маконида хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳамкорлик қилади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 9 ноябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Қозоғистонга ташриф буюриб, Остонада мавқедоши Қосим-Жомарт Тўқаев билан музокаралар ўтказди. Учрашувлар якунлари бўйича қўшма баёнот ва икки давлатнинг 2024-2026 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди.
Бундан ташқари, икки мамлакат ўртасида қуйидаги шартномалар имзоланган:
• Энергетика вазирликлари ўртасида Қозоғистоннинг учта шаҳрида иссиқлик электр станцияларини қуриш лойиҳалари бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум;
• Россия Федерацияси Спорт вазирлиги ва Қозоғистон Туризм ва спорт вазирлиги ўртасида 2024-2026 йилларга мўлжалланган икки давлат ўртасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси;
• Россия Федерацияси Федерал божхона хизмати ва Қозоғистон Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитаси ўртасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган ўзаро ҳамкорлик бўйича қўшма ҳаракатлар режаси;
• Россия Федерацияси Меҳнат ва бандлик федерал хизмати ва Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги меҳнат қўмитаси ўртасида меҳнат инспекцияси масалалари бўйича ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандум;
• Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги ва “Қозоғистон Республикаси Президенти телерадиокомплекси” медиахолдинги ўртасида ахборот соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашни назарда тутувчи ахборот ҳамкорлиги тўғрисидаги битим.
LiveБарчаси