Ўта кетган алаҳсираш – Қозоғистон ТИВ раҳбари рус депутатининг ҳудудий иддаоларига жавоб қайтарди
Олам
−
23 Декабрь 2020
17071Аввалроқ, РФ Давлат Думасининг Таълим ва фан бўйича қўмитаси раиси Вячеслав Никонов Қозоғистон ерлари СССР ва Россиянинг совғаси эканини айтиб чиққани ҳақида хабар берган эдик. Бундан кейин Қозоғистон расмий Москвага нота топширганди.
Аммо на рус сиёсатчилари ташвиқотини тўхтатиш ниятида, на Нур-Султон бу ишнинг “этагини” қўйиб юбормоқчи. Бугун, 23 декабрь куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди россиялик икки депутатнинг қозоқ ерлари ҳақида айтган иддаоларига муносабат билдирди.
“Тушуняпсизми, аслида, жуда долзарб масала. Биз депутат Никоновнинг чиқишидан кейин РФ элчихонасининг вақтинчалик вакилини ТИВ биносига чақирдик, чунки элчи Москвада хизмат сафарида эди. Менинг ўринбосарим уни қабул қилиб, унга расмий нота топширди ва ТИВ позициясини билдирди. Мавжуд амалиётга кўра, улар расмий равишда жавоб бермаяпти, аммо бизга чора кўрилгани ҳақида маълум қилишди. Улар парламент ва Президент Администрацияси билан боғланиб, бундай сўзларни нашр этмаслик кераклигини айтиб, танқид қилишган. Фёдоровнинг сўзлари ҳақида гапирсак, у ҳам кеча такрорлади, қозоқ ва Қозоғистон фуқароси сифатида бу менинг ғуруримни топтаяпти. Олий маълумотли, Ватанимиз тарихини билган одам сифатида мен бу гапларга қуйидагича жавоб қайтарган бўлардим: ўта кетган алаҳсираш. Бундай масалалар кўтарилганда аввало тарихчи, олимларга юзланиш керак. Ташқи ишлар вазири сифатида айтмоқчиманки, бу шак-шубҳасиз Россия Федерациясининг расмий позициясига тўғри келмайди”, деган вазир Мажлис йиғилишида.
Мухтар Тлеуберди икки давлат ўзаро чегараси қонунчилик даражасида делимитация қилинганини эслатиб ўтган. Бу масалада икки томонлама келишув имзоланган.
“Ҳозир биз давлат чегарасининг демаркациясини ўтказяпмиз. Пандемия туфайли бу жараён тўхтатилди, шунинг учун биз уч йил ичида демаркацияни якунлаймиз. Икки давлат ўртасида стратегик шериклик шаклланган. Барча икки томонлама ҳужжатларда бу аниқ кўрсатилган ва шунинг учун биз Россия Федерацияси билан ўзаро муносабатларни халқаро ҳуқуқ асосида ривожлантирамиз”, деган ТИВ раҳбари.
Маълумот учун, Мухтар Тлеуберди ўз нутқида эслатиб ўтган Фёдоров бу Давлат Думаси депутати Евгений Фёдоров. У бундан бир неча кун олдин Никоновнинг ҳудудий иддаоларини давом эттириб, ўз фикрларини анчайин қўпол тарзда билдирган.
Фёдоров Қозоғистон Россия ерларини ижарага олганини айтиб, мамлакат ҳудуди РФнинг совғаси эканини тан олмаслигини тушунолмаётганини таъкидлаб ўтган. Жумладан, у шундай деган:
“Никонов янги ҳеч нима айтмади, қолаверса, бунгача Путин ҳам гапирганди. Фақат Путин субъект сифатида Қозоғистонни кўрсатмаган. Ҳатто Қозоғистондан бир амалдор изоҳ бериб, Путин Украинани назарда тутганини айтганди. Нега Қозоғистондаги амалдор Путин нимани назарда тутганини унинг ўрнига ҳал қиляпти, мен тушунмадим.
Қозоғистоннинг расмий идораси айтяпти: “Биз ҳеч қандай совғани эслолмаймиз. Бу туҳфа эмас, биз уни тортиб олганмиз. Эҳ, тортиб олган бўлсангиз, келинг сиз билан бошқа тилда гаплашамиз, қозоқ йигитлар. Меҳрибон рус сизга совға берса, уни қадрласангиз яхши, Қозоғистон ТИВ қилганидек унга тупурсангиз, бу бошқа масала.
Ҳудудларни қайтариш ва 1991 йилдаги ноқонуний қарорларни тиклаш масаласини кўтарсак, бизда биргина тўсиқ бор бу – ахлоқий чеклов. Дўстдекмиз, жанжаллашиш яхши эмас, деймиз. Аммо, афтидан, биз дўст эмасмиз ва бизнинг совғаларимизни қадрламаяпсизлар, сиз бизга енг шимаряпсиз. Яъни, сўнгги, ахлоқий томонлама дастак Қозоғистон ТИВнинг баёнотидан кейин қулади.
Мен нима деётганимни тушуняпсизларми? Демак, сиз буни совға сифатида тан олмасангиз, қайтаринг, негаки, сиз ноқонуний олгансиз, Россия уни талаб қилиши керак”.
Фёдоров булардан ташқари, СССР парчаланганда республикалар белгиланган нормаларни бузган ҳолда ундан чиқиб кетганини ҳам айтиб ўтган. Шунингдек, у Қозоғистон ерларини Собиқ Иттифоқдан ижарага олганини иддао қилган. Депутатга кўра, мустақил Қозоғистоннинг 100 фоиз ҳудуди СССРдан ижарага олинган.
LiveБарчаси