Россия ва АҚШ Украинани муҳокама қилмаяпти – Песков

Олам

image

Бугун, 10 апрель куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтаётган Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва АҚШ Давлат департаменти ўртасидаги маслаҳатлашувлар фақат икки томонлама муносабатлар бўйича олиб борилмоқда. Бу ҳақда Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар билан учрашувда сўз очди.

Песковнинг сўзларига кўра, учрашувларда Россия-Украина можароси муҳокама қилинмаяпти. 

“Ташқи ишлар вазирлиги ва Давлат департаменти ўртасидаги музокаралар фақат икки томонлама муносабатларни тартибга солиш ва нормаллаштириш масалалари бўйича олиб борилмоқда. Украина тартибга солиш мавзуси бу музокараларда муҳокама қилинмайди”, деган Песков. 

Унинг қўшимча қилишича, ҳамма Россия-Украина можаросини тезроқ ҳал қилишдан манфаатдор, бироқ “томонларнинг манфаатларини ҳам риоя қилиш зарур”. 

“Биз учун бу биринчи навбатда ўз манфаатларимизга риоя қилиш, Россия Федерацияси манфаатларига риоя қилиш”, дея қўшимча қилган Кремль вакили. 

Маълумот учун, жорий йилнинг 18 февраль куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда Россиядан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Президент ёрдамчиси Юрий Ушаков ва Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриевдан иборат Россия делегацияси АҚШ вакиллари билан музокара ўтказганди. Учрашувда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолтц ва Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф иштирок этди. Дмитриев Саудия Арабистонида икки томонлама музокаралар бошланишидан олдин Америка нефть компаниялари Россияга қайтиши мумкинлиги, Кремль ҳам АҚШ билан Арктикадаги қўшма лойиҳалардан манфаатдор эканини айтганди. Кейинчалик Россия Президенти Владимир Путин Кирилл Дмитриевни халқаро иқтисодий ҳамкорлик бўйича махсус вакил этиб тайинлади.

27 февраль куни Истанбулдаги АҚШ Бош консуллигида Россия ва АҚШ вакиллари ўртасида 6 соатдан ортиқ вақт давомида ёпиқ форматдаги музокаралар бўлиб ўтди. Америка делегациясига АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Соната Коултер, Россия делегациясига эса Ташқи ишлар вазирлиги Шимолий Атлантика департаменти директори Александр Дарчиев бошчилик қилди. Икки давлат вакиллари ўз элчихоналари фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди. Кейинчалик 6 март  куни Россия Президенти Владимир Путин Украина ва Европа давлатларини ҳайратда қолдирган яқинлашувга раҳбарлик қилиш учун Ғарбни оммавий қоралаши билан танилган фахрий дипломат Александр Дарчиевни АҚШга элчи этиб тайинлади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Истанбул Россия Дмитрий Песков

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг