Туркияда Россия-АҚШ музокараларининг иккинчи раунди бошланди
Олам
−
10 Апрель 2025 3049 2 дақиқа
Бугун, 10 апрель куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида дипломатик ваколатхоналар фаолиятини нормаллаштириш бўйича Россия-АҚШ маслаҳатлашувларининг иккинчи раунди бошланди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, музокаралар Россия бош консуллиги биносида ёпиқ шаклда бошланган.
“РИА Новости” хабарига кўра, музокаралар камида тўрт соат давом этиши мумкин. Россия делегациясига Россиянинг АҚШдаги элчиси Александр Дарчиев бошчилик қилмоқда. Америка томони номидан Давлат котибининг Европа ва Евроосиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Соната Коултер иштирок этмоқда. Музокараларда Россия ва АҚШ дипломатик идоралари вакиллари ҳам иштирок этмоқда.
Россия делегацияси раҳбари Дарчиевнинг сўзларига кўра, учрашув АҚШ собиқ президенти Жо Байден маъмуриятининг “заҳарли меросидан” халос бўлишга ёрдам бериши керак. Шунингдек, маслаҳатлашувларнинг янги раундида Россия томони илгари олиб қўйилган дипломатик мулкни қайтариш ҳақида гапиради. Бундан ташқари, Россия тўғридан тўғри авиақатновларни тиклаш масаласини ҳам қўяди.
Маълумот учун, жорий йилнинг 18 февраль куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда Россиядан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Президент ёрдамчиси Юрий Ушаков ва Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриевдан иборат Россия делегацияси АҚШ вакиллари билан музокара ўтказганди. Учрашувда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолтц ва Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф иштирок этди. Дмитриев Саудия Арабистонида икки томонлама музокаралар бошланишидан олдин Америка нефть компаниялари Россияга қайтиши мумкинлиги, Кремль ҳам АҚШ билан Арктикадаги қўшма лойиҳалардан манфаатдор эканини айтганди. Кейинчалик Россия Президенти Владимир Путин Кирилл Дмитриевни халқаро иқтисодий ҳамкорлик бўйича махсус вакил этиб тайинлади.
27 февраль куни Истанбулдаги АҚШ Бош консуллигида Россия ва АҚШ вакиллари ўртасида 6 соатдан ортиқ вақт давомида ёпиқ форматдаги музокаралар бўлиб ўтди. Америка делегациясига АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Соната Коултер, Россия делегациясига эса Ташқи ишлар вазирлиги Шимолий Атлантика департаменти директори Александр Дарчиев бошчилик қилди. Икки давлат вакиллари ўз элчихоналари фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди. Кейинчалик 6 март куни Россия Президенти Владимир Путин Украина ва Европа давлатларини ҳайратда қолдирган яқинлашувга раҳбарлик қилиш учун Ғарбни оммавий қоралаши билан танилган фахрий дипломат Александр Дарчиевни АҚШга элчи этиб тайинлади.
Live
Барчаси