Россия ва АҚШ мулозимлари энди Истанбулда йиғилади

Олам

image

Россия ва Қўшма Штатлар вакиллари ўртасида Украина атрофидаги вазиятни тартибга солиш масаласида навбатдаги музокаралар раунди жорий йилнинг 10 апрель куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтади. Бу ҳақда бугун, 8 апрель куни Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Истанбулда АҚШ билан бўладиган бўлажак учрашувда Россия Ташқи ишлар вазирлиги линияси бўйича иштирок этади.

“Бу бизнинг томондан – Ташқи ишлар вазирлиги линияси бўйича бўлади. Шунга мувофиқ, улардан, яъни Ташқи ишлар вазирлигидаги ҳамкасбларимиздан маълумот кутинглар”, деди Кремлнинг расмий вакили.

У, шунингдек, Жо Байден администрацияси Россия ва АҚШ муносабатларига “энг даҳшатли зарар” етказганини, ўзаро ишонч эса “фақат икки мамлакат етакчиларида ирода бўлса, тикланиши мумкинлигини” таъкидлаган. Шунингдек, у Москва ва Вашингтон муносабатларни нормаллаштириш учун жиддий ҳаракат қилаётганини қўшимча қилган.

Қайд этиш жоиз, 18 февраль куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда Россиядан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Президент ёрдамчиси Юрий Ушаков ва Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриевдан иборат Россия делегацияси АҚШ вакиллари билан музокара ўтказганди. Учрашувда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолтц ва Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф иштирок этди. Дмитриев Саудия Арабистонида икки томонлама музокаралар бошланишидан олдин Америка нефть компаниялари Россияга қайтиши мумкинлиги, Кремль ҳам АҚШ билан Арктикадаги қўшма лойиҳалардан манфаатдор эканини айтганди. Кейинчалик Россия Президенти Владимир Путин Кирилл Дмитриевни халқаро иқтисодий ҳамкорлик бўйича махсус вакил этиб тайинлади.

27 февраль куни Истанбулдаги АҚШ Бош консуллигида Россия ва АҚШ вакиллари ўртасида 6 соатдан ортиқ вақт давомида ёпиқ форматдаги музокаралар бўлиб ўтди. Америка делегациясига АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Соната Коултер, Россия делегациясига эса Ташқи ишлар вазирлиги Шимолий Атлантика департаменти директори Александр Дарчиев бошчилик қилди.  Икки давлат вакиллари ўз элчихоналари фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди. Кейинчалик 6 март  куни Россия Президенти Владимир Путин Украина ва Европа давлатларини ҳайратда қолдирган яқинлашувга раҳбарлик қилиш учун Ғарбни оммавий қоралаши билан танилган фахрий дипломат Александр Дарчиевни АҚШга элчи этиб тайинлади.

Эслатиб ўтамиз, 3 апрель куни АҚШга Россия Президенти махсус вакили Кирилл Дмитриев ташриф буюрган эди. Оқ уйда бўлиб ўтган учрашувлар якунида у Владимир Путин ва Доналд Трамп ўртасидаги музокараларда Украина бўйича “мувофиқлаштирилган ютуқлар”га эришилганини билдирган. Кирилл Дмитриевнинг сўзларига кўра, томонлар масалаларни ҳал этиш тарафдори бўлиб, давлатлар ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни тиклаш масаласини ҳам муҳокама қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Истанбул Россия Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг