Россия-Украина уруши: Вуҳледарда кимнинг қўли баланд келмоқда?

Олам

image

Россиянинг Украина шарқидаги Вуҳледар шаҳрига ҳужум қилишга уринишлари секинлашди. Бу ҳақда Британия разведкаси маълумотларига таяниб, “Deutsche Welle” нашри хабар берди. 

Қайд этилишича, бугун, 16 март куни Буюк Британия Мудофаа вазирлиги ўзининг кундалик ҳисоботида Россиянинг Украина шарқидаги Вуҳледар шаҳрига ҳужум тезлигини йўқотганини маълум қилган. Унга кўра, бу сўнгги уч ой ичида катта йўқотишлар билан амалга оширилган Россия ҳужумларидан бири бўлган.

Ҳисоботда айтилишича, Россиянинг муваффақиятсизликлари қисман Украина томонидан RAAM деб номланувчи масофавий зирҳга қарши мина тизимининг муваффақиятли жойлаштирилиши билан боғлиқ. Мазкур танкка қарши миналар ишга туширилганда 17 километргача сочиши мумкин. Украина уларни баъзи ҳолларда рус бўлинмаларининг олдига ва орқасига жойлаштирган ҳамда Москва қўшинларининг чекиниши билан тартибсизликка сабаб бўлган.

Вазирликнинг таъкидлашича, Россиянинг ягона муҳим тактик муваффақияти “Вагнер” гуруҳининг ёлланма қўшинлари ҳукмронлик қиладиган Бахмут секторида бўлган. Бироқ бу гуруҳ ва Россия Мудофаа вазирлиги орасида келишмовчилик бўлмоқда. 
Ҳисоботда айтилишича, Россия мудофаа вазирлиги Вуҳледарда муваффақият қозонишда қатъият кўрсатиши кутилмоқда. Чунки идора ўз муваффақияти “Вагнер” ютуқлари билан рақобатлашишини хоҳлайди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Шарқий фронтдаги вазият оғирлашганини айтган эди. Кейинчалик Россиянинг “Вагнер” ёлланма қўшинлари раҳбари Евгений Пригожин Бахмутдаги Россия позициялари хавф остида эканини билдириб, агар Москва томонидан қуроллар етказилмаса, Россиянинг фронт чизиғи қулаши мумкинлигини айтганди. 8 март куни эса Россия Бахмутнинг ярмини эгаллагани эълон қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Россия босқини Вуҳледар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг