Россия Тожикистонга C-300 ҳаво мудофаа тизимларини етказиб берди

Олам

image

Россия Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти мамлакатлари учун умумий ҳаво мудофаа тизимини яратиш доирасида Тожикистонга C-300 тизимларининг иккита дивизионини етказиб берди. Бу ҳақда Кремль сайтида маълум қилинди.

“Биз Тожикистонга C-300 ҳаво мудофаа тизимларининг иккита дивизионини етказиб бердик. Булар саккизта ишга туширгич. Умуман олганда, биз КХШТ бўйича бу ишни умуман давом эттиришга ва якунлашга тайёрмиз. Аммо эслатиб ўтаманки, ҳукумат йил охиригача тегишли фармойиш чиқариши керак”, дейди Россия раҳбари Владимир Путин Вазирлар Маҳкамаси аъзолари билан учрашувда.

Шунингдек, Путин хавфсизлик масалалари, жумладан, КХШТ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш шу йилнинг 21 ноябрь куни Тожикистон Республикаси Президентининг Москвага расмий ташрифи доирасида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан музокаралар чоғида муҳокама қилинганини айтган.

Маълумот учун, C-300 зенит-ракета мажмуаси замонавий ва илғор самолётлар, стратегик қанотли ракеталар, тактик ва оператив-тактик баллистик ракеталар ва бошқа ҳаво қуролларининг оммавий ҳужумларидан ҳимояланиш учун мўлжалланган. Тизим 380 километргача учадиган 40H6 ракетаси билан жиҳозланган. Ракета узоқ масофаларда яширин самолётларни, шунингдек, уфқдан узоқроқда паст (беш метргача баландликда) учувчи самолётларни йўқ қилишга қодир.

C-300 ракета тизимининг ўртача нархи 160 миллион долларни ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, Раҳмон шу йилнинг 21 ноябрь куни Россияга ташриф билан борган, шу куни Кремлда Россия-Тожикистон музокаралари дастлаб яккама-якка, кейин эса кенгайтирилган таркибда бўлиб ўтди. Учрашув якунлари бўйича саккизта ҳужжат имзоланди, Путин ва Раҳмон ОАВ учун баёнот берди. Раҳмон Путинни Тожикистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.

Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, кечки пайт икки давлат раҳбарлари норасмий кечки овқатда мулоқотни давом эттирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Тожикистон C-300

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made