Россия томони Алишер Қодировнинг виза режимини жорий қилиш таклифига жавоб қайтарди
Олам
−
15:58
11661Аввалроқ, Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодиров рус сиёсатчиларининг бутун Марказий Осиё минтақасини Россия билан виза орқали кириш-чиқиш қилиш ҳақидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирган эди. Ушбу фикрга Россия Давлат Думасининг МДҲ масалалари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Константин Затулин RTVI каналига берган интервьюсида муносабат билдирди.
Затулиннинг сўзларига кўра, бундай ғоялар Ўзбекистон парламенти ва ҳукуматида тасдиқланиши эҳтимолдан йироқ, аммо уларнинг пайдо бўлиши Россиянинг собиқ иттифоқ республикалари билан алоқаларини сақлаб қолиш учун бир белги ҳисобланади. Шунингдек, у мигрантларга нисбатан қаттиқроқ чора-тадбирлар муҳокамалари блогосфера ва оммавий ахборот воситаларида қайта акс этиб, кутилмаган жавобларни келтириб чиқараётганини қўшимча қилган.
“Бизнинг муҳокамаларимиз очиқ ҳолда олиб борилмоқда ва улар табиий равишда блогосфера ҳамда ОАВга чиқиб кетмоқда. Бу эса, аслида, биз ҳам, улар ҳам манфаатдор бўлмаган акс таъсирни келтириб чиқармоқда”, деди депутат.
Затулинга кўра, мазкур вазият мигрантлар масаласи бўйича икки давлат ўртасида янги муҳокамаларни келтириб чиқариши мумкин. Бундай таклифларнинг узоқ муддатли таъсири ҳам Россия, ҳам Ўзбекистон учун муҳим бўлиши мумкин. Бу каби ташаббуслардан эса кимлардир фойдаланишга уринмоқда.
“Булар ўзимизнинг муҳокамаларимиз ниҳоллари, улар униб чиқмоқда. Агар биз нафақат нутқларни, балки ҳаракатларни ҳам шу руҳда давом эттириш ниятида бўлсак, унда оқибатларга тайёр бўлишимиз керак”, деди Затулин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Федерацияси Давлат думаси депутатлари рус тилини билмайдиган муҳожирларнинг болаларини мактабларга киритишни тақиқловчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилган эди.
LiveБарчаси