Россия сув ости кемалари Қора денгиздан Украинага қанотли ракеталарни учирди
Олам
−
29 Апрель 2022
20108Россия ҳарбийлари Украина Қуролли кучлари объектларига зарба бериш учун Қора денгиздаги сув ости кемасидан фойдаланган. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлигига таяниб, “Интерфах” хабар берди.
“Махсус ҳарбий операция топшириқларини бажариш доирасида Россия Федерацияси Қуролли Кучлари Украина Қуролли Кучларининг ҳарбий инфратузилма объектларига юқори аниқликдаги қуроллар билан навбатдаги зарбани берди. Қора денгиз флотининг дизель-электр сувости кемаси экипажи Қора денгиздан “Калибр” қанотли ракеталарини белгиланган ердаги нишонларга учиришни амалга оширди”, дейилган Мудофаа вазирлиги хабарида.
Вазирлик эълон қилган видеода Қора денгиз флоти сув ости кемасидан “Калибр” қанотли ракеталарининг қандай қилиб учирилиши кўрсатилган.
Калибр - Екатеринбургдаги Новатор конструкторлик бюроси томонидан ишлаб чиқилган ва ишлаб чиқарилган рус қанотли ракеталари. Айни пайтда Россия Қуролли Кучлари иккита модификациядаги ракеталардан фойдаланмоқда: “Калибр-НК” (кемага асосланган) ва “Калибр-ПЛ” (сув ости кемаларига ўрнатилган).
Аввалроқ, британиялик денгиз экспертлари Х.И. Суттон ва Б. Питтет Россия Қора денгиздаги сув ости кемаларидан Украинага ракета ҳужумларини уюштириш учун фойдаланиши мумкинлигини айтган эди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси