Россия Суриядан “қувилмоқда”
Таҳлил
−
15:26
3625Бундан бир неча йиллар олдин ҳокимиятдан қулаши муқаррар бўлган Башар Асад иқтидордаги умрини узайтириш ва бошқа яна кўплаб шахсий сабабларга кўра, Суриянинг миллий манфаатларини Россия ва Эронга тортиқ қилганди. Эрон Шомни ўзи учун ўзига хос ҳарбий майдонга айлантирган бўлса, Россия 2015 йилда Асаднинг сўровига жавобан Суриядаги можарога аралашиб, уни ҳокимиятда олиб қолгани эвазига Ўртаер денгизидаги Тартус портининг ижарасини 49 йилга узайтиришга эришганди. Аммо 1 ярим ой олдин Сурияда юз берган давлат тўнтариши бугун Россия учун ўйин қоидаларини ўзгартирди. Россия Суриядаги “кўчини йиғиштиришни” катта эҳтимол билан бу ердаги энг муҳим стратегик объекти ҳисобланган Тартус портидан бошлаши ойдинлашди. Жўлоний бошчилигидаги бугунги Сурия чинакам мустақил ва ташқи таъсирлардан ҳоли давлат қуриш, хусусан, ўзга давлатларнинг ҳарбий ва шундай мақсадлар учун хизмат қиладиган базаларини фаолиятини тўхтатиш ёки уларни мамлакат ҳудудидан чиқариб юбориш йўлидан юришни бошлагандек гўё. Қуйида Тартус ўзи қанчалик аҳамиятга эга портлиги, у ерда Россиянинг қандай манфаатлари мавжудлиги, янги ҳукумат бу қарорни қабул қилишида қайси омиллар роль ўйнаган бўлиши мумкинлиги ва бошқалар хусусида атрофлича тўхталамиз.
Бироз иккиланилган қарор
Ўтган йилнинг охирида, аниқроғи 8 декабрь куни Сурияда юз берган тарихий-сиёсий воқеликлардан сўнг бу ишларнинг ижрочиси бўлган Жўлонийга бериладиган қатор муҳим саволлар бор эди. Улардан бири қочқин Асаднинг “хавфсизлик ёстиқчаси” бўлган Россиянинг Ҳмеймим ҳарбий базаси ва сиёсий, иқтисодий ҳамда ҳарбий мақсадлар йўлида хизмат қилувчи Тартус портининг келажаги қандай бўлиши тўғрисида эди. Жўлоний эса Россия Сурия учун жуда муҳим стратегик ҳамкор эканини таъкидлади. Дамашқдаги янги ўтиш ҳукумати ва Россиянинг бу ердаги сиёсий ва ҳарбий иштироки тақдири икки ўртадаги музокаралар йўли билан аниқлаштирилиши айтилди. Бир қарашда Кремль учун бу борада ҳали имконият бор ва ҳаммаси яхшидек эди. Ҳатто 2024 йилнинг 12 декабрь куни Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов Сурияга янги ҳукумат келганидан кейин ҳам Россия ўз ҳарбий базаларини сақлаб қолишига умид билдиришини айтганди.
Аммо 21 январь куни Суриянинг янги ҳукумати Россияга Ўртаер денгизидаги узоқ муддатли ҳарбий иштирокини таъминловчи шартномани бекор қилди. Тартус вилояти Божхона бошқармаси раҳбари Риёд Жуди Россия компанияси билан Тартус портига инвестиция киритиш бўйича келишув бекор қилингани ва порт фаолиятидан тушган барча даромадлар энди Сурия давлатининг манфаатлари йўлида ишлатилишини маълум қилди. 2017 йилда Асад режими ва Россия компанияси ўртасида имзоланган келишувга кўра, Россия денгиз флотининг Тартус портидаги ижара муддати 49 йилга узайтирилганди. Россия бу шартномага биноан, Тартусдан тушадиган фойданинг 65 фоизини оларди. Аммо эндиликда бу шартнома ўзининг саккизинчи йилидаёқ Суриядаги янги маъмурият томонидан бекор қилинди. Баъзи манбалар ҳозирги раҳбарият Кремлдан ўз кучларини зудлик билан Тартусдан олиб чиқиб кетишини талаб қилганини ҳам айтмоқда. Маълум қилинишича, Асад режими Россиянинг “Стройтрансгаз” компанияси билан имзолаган инвестиция шартномаси портни бошқариш ва Россия томонидан 500 миллион доллардан ортиқ миқдорда модернизация учун инвестиция киритишни назарда тутган. Эндиликда эса келишув шартларига биноан шу чоққача модернизация қилинмай қолиб кетган ускуналарни тиклаш ишлари қайта бошланади. Аммо энди бу ишни қайси давлат ёки компания ўз зиммасига олиши номаълум.
Қарорда Туркия “имзоси”нинг изи кўринмоқда
Жўлонийнинг Идлибдан қўзғалиши якунда Асаднинг қувилиши билан тугагандан сўнг Туркия Сурияда анча фаоллашди. Мазкур давлат тўнтариши лойиҳасининг муаллифи сифатида расмий Анқара асосий гумонланувчига айланди. Умуман олганда, “Ҳаят Таҳрир Аш-Шом” гуруҳига Туркия томонидан қўллаб-қувватланиши айтиладиган бошқа бир мухолиф гуруҳ “Сурия озодлик армияси”нинг ёрдам бериши ва Асад режими қулаб улгурмасидан олдин Эрдўғаннинг Жўлоний бошчилигидаги кучларга “омад тилаши” бу борада ортиқча саволларга ўрин қолдирмаганди. Тўнтаришдан кейин эса Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан ўз мамлакати Сурияда нафақат Россиянинг, балки умуман ҳеч бир давлатнинг ҳарбий базалари бўлмаслиги лозим дея таъкидлади. Анқара Шом диёрида бошқа давлатларнинг ҳарбий иштирокига тоқат қилмаслигини яширмади. Бироқ Фидан Сурияда хорижий ҳарбийларнинг мавжудлиги ҳақидаги қарор охир-оқибат Сурия халқининг иродасига кўра белгиланиши ва эришилган келишувлар ёки ечимлар барча томонлар томонидан ҳурмат қилиниши кераклигини қўшимча қилди. У Россия ҳарбий бўлинмаларининг Суриянинг ички қисмидаги базаларидан қирғоққа кўчирилиш жараёни давом этаётганига эътибор қаратиб, Қўшма Штатларнинг минтақадаги ҳарбий иштирокини ошираётганига ҳам алоҳида тўхталганди.
“Биз ҳозиргина Қўшма Штатларнинг Сурияда 2000 дан ортиқ аскарлари борлигини билиб олдик, бу аввалроқ тахмин қилинганидан икки баравар кўп. Одамлар у ерда 900 нафар америкалик аскар бор деб тахмин қилганди, аммо Пентагон яқинда ҳақиқий сонни ошкор қилди”, деганди Фидан.
Чунки бунгача Сурияда аввал эълон қилинганидек 900 эмас, 2 мингга яқин америкалик аскар мавжудлиги Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер томонидан маълум қилинганди. У 900 нафар аскар АҚШ қўшинининг асоси бўлиб, улар узоқ муддатли амалиётлар учун жойлаштирилгани, қолганлар эса вақтинчалик айланма кучлар эканини айтиб чиққанди.
“Бугун мен Сурияда 2 мингга яқин америкалик аскар борлигини билдим, улар менга тушунтирганидек, бу қўшимча кучлар миссия вазифаларини бажариш учун жойлаштирилган вақтинчалик айланма кучлар ҳисобланади. Америка қўшинларининг асосий сони 900 кишидан иборат бўлиб, улар узоқ муддатли жойлаштириш учун мўлжалланган”, деди у.
Албатта, бугунги Суриянинг ички ва ташқи сиёсатида Туркиянинг излари чуқур экани кўриняпти. Мамлакатнинг янги конституцияси, янги ҳукуматни шакллантириш, армияни қайтадан ташкил қилиш каби кўплаб саъй-ҳаракатлар ортида Туркиянинг иштироки борлиги ҳақида хабарлар тез-тез қулоққа чалинмоқда. Янги Сурия эса Туркия моделида бунёд этилиши тобора ойдинлашяпти. Ҳаракатлар ва бугунги Сурия ҳукуматининг ўзини тутиши шунга ишора қилмоқда. Масалан, Жўлоний ҳокимият тепасига келиши биланоқ, кеча террорчи деб малакаланган гуруҳ раҳбарлари Сурияда аёллар ҳуқуқлари, этник озчиликларнинг манфаатлари, ўзга дин вакилларига ҳурмат, хусусан, янги йил арафасида Рождество санасини дам олиш куни деб эълон қилингани каби қатор қадамлар бунга мисолдир. Хулоса қилиб айтганда, айни дамда Сурияда кузатилаётган кўзга кўринадиган ўзгаришларнинг илдизи Анқарага бориб тақалаётгандек.
Путин мағлубиятни тан олмаётганди. Энди-чи?
Россия Президенти Владимир Путин 19 декабрда ҳар йили ўтказиладиган “Прямая Линия” йиллик матбуот анжуманида Асад режимининг қулаши Россиянинг мағлубияти эмас, дея таъкидлади. Путиннинг айтишича, Россия бу ерга террорчи гуруҳларни йўқ қилиш учун кирган ва ўз мақсадига эришган ҳам. Аммо таҳлиллар шуни кўрсатадики, террорчиларга қарши курашда беғараз деб айтилган “ёрдам” ортида бошқа йирик мақсадлар бўлган. Гап шундаки, Россия 2014 йил Қрим аннексияси туфайли санкциялар ёмғирига дучор бўлиб, иқтисодий муаммолар гирдобида қолганига қарамай, 2015 йилда Сурияга катта куч ташлаши ортида қатор арзирли сабаблар бор эди. Жумладан, Путин Башар Асад режимини ҳимоя қилиши ортида турган омиллардан бири Европа ва Туркияга Россия етказиб берадиган газ билан рақобатлашадиган ҳар қандай қувур йўналишини тўсиш мақсади ётган. Бу йўлда Россиянинг энг жиддий рақиби эса Қатар-Туркия газ қувури эди. Россиянинг Суриядаги можарода иштирок этиши ва Дамашқда Кремлга яқин бўлган диктаторни сақлаб қолиши унга Яқин Шарқ ва Европа ўртасида таклиф этилаётган мазкур қувурни тўсиш имконини бериб, бу орқали Кўҳна қитъага газ етказиб беришда Газпромнинг якка ҳукмронлигини таъминлаш кўзда тутилган. Чунки Асад фуқаролар уруши пайтида Қатарни унга қарши бўлган исёнчиларни қўллаб-қувватлашда айблаган ва бу пайтда Доҳа ва Дамашқ муносабатлари кескин ёмонлашганди. Шунга асосланиб, Кремль мазкур миссиядан Ғарбнинг энергетика соҳасида Россияга қарши ўйинлар режаларини барбод қилишни кўзлаган.
Бундан ташқари, Путин ўз ҳамкорларининг мавжуд режимини сақлаб қолишда донг таратган. У ўзи каби автократларнинг ҳокимиятини суяб туришга “ошуфта қалб” эгасидир. Бунга етарлича мисоллар бор. Чунки дунёда Кремлга яқин бирор бир авторитар режимнинг силкиниши Путинни жиддий хавотирга солади. У 2011 йилда ливиялик яқин ҳамкори Муаммар Қаддафий қулаганда, ўзидан 7 минг км узоқда содир бўлган бу тўнтариш вақти келиб Москвага ҳам маълум доирада таъсир ўтказиши мумкинлигини олдиндан сезганлиги айтилади. Шундан сўнг Россияда Немцов ва бошқа бир қатор мухолифлар бошчилигида ўт олган норозиликлар оқими унинг бу хавотири ўринли эканини тасдиқлаган ҳам. Шу боис 2015 йил 30 сентябрда бир йил олдинги Қрим аннексияси келтириб чиқарган шовқин-сурон анча тиниши билан Путин Россия кучларини дарҳол Сурияга ташлади ва анчадан буён сақлаб қолишни мақсад қилиб келган Асад режимини ҳимоя қилишни бошлади.
Хўш, бу Путин ва унинг клани томонидан Сурия ерларида кўзлаган режалар тўплами эди. Аммо буларни амалга ошириш учун россиялик солиқ тўловчиларнинг гарданига қанча юк ташланганини ҳисоблашда 10 дан ортиқ хоналик сонлар ҳам етмай қолиши мумкин. Бу жуда мушкул бўлса-да, ҳисоблаб кўришга ҳаракат қиламиз. Шундай қилиб, Россия 2015 йил 30 сентябрдан бошлаб Асад илтимосига биноан Сурияда ҳарбий интервенция уюштиришни бошлади. Шу йилнинг октябрь ойи охирига келиб эса ушбу амалиётнинг харажатлари тўғрисида тахминий рақамлар юзага чиқа бошлади. Уларда келтирилишича, Россия ўша пайтда ҳар 24 соат ичида Суриядаги ҳарбий амалиёт учун нақд 4 миллион доллар сарфлаётганди. Ҳаво ҳужумлари, таъминот, инфратузилма ва қуруқликдаги ходимлар, уларни рағбатлантириш ва бошқа барча харажатлар кунига 4 миллион долларга тушаётганди. Масалан, IHS (Information Handling Service) маълумотларига кўра, ҳар бир жанговар самолётнинг парвози соатига 12 000 доллар, ҳар бир вертолёт эса соатига 3 000 доллар харажат талаб қилади. Бомба портлаш тезлиги самолётларни кунига ўртача 90 дақиқа осмонда ушлаб туриши ва учоқларнинг кунига бир соат учишига Москва ҳар 24 соатда тахминан 710 минг доллар сарфлайди. Шунингдек, улар ҳар куни тахминан 750 000 долларлик ўқ-дори ишлатади. Суриядаги ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлаш эса кунига тахминан 440 000 долларга тушади. Кемаларни Ўртаер денгизида сақлаш учун суткасига яна 200 000 доллар керак бўлади. Логистика, разведка маълумотларини йиғиш, алоқа ва муҳандислик каби бошқа қўшимча харажатлар кунига 250 000 долларлик сарфни талаб қилади. Кун охирида шуларнинг барчасини қўшиб ҳисоблаганда жами 2,4 миллион кунлик харажат келиб чиқади. Аммо ўша пайтда, IHS катта таҳлилчиси Бен Мурес бу рақамлар энг минимал даражадалиги, реал харажатлар эса бундан икки баравар юқори бўлиши мумкинлигини қайд этган. Чунки 2,4 миллион долларлик тахминий кунлик харажатлар, Россия ҳаво ҳужумларининг иккинчи ҳафтасида кузатилган кенг миқёсдаги бомбардимонлар, қуруқликдаги қуроллардан фойдаланиш каби рейдларнинг кўпайишини ва 7 октябрь — Путиннинг туғилган кунида бошланган қанотли ракета ҳужумларини ҳисобга олмаган. Маълумотларга кўра, Россиянинг Каспий флотилиясидан учирилган ҳар бир Kaliber ракетаси 1,2 миллион долларга тушган. Якунда шу ва бошқаларни қўшган ўша юқорида айтилган 4 миллион долларлик ҳар кунги ўртача сарф-харажат келиб чиқиши мумкин эди. Шу йўсинда Россия Суриядаги можарода 2016 йилнинг сўнгги кунларига қадар фаол иштирок этди. 457 кун. Бу эса агар юқоридаги кунлик харажатлар ва уларнинг стабиллиги ҳақиқатга яқин бўлса, Россия Сурияда 1 ярим йил ичида 1,8 миллиард доллардан ортиқ пулни сарфлаб юборган ҳисобланади. Аммо бу ҳам фақат 2016 йил сўнгига қадар, яъни ҳарбий интервенциянинг энг фаол давридаги харажатдир. Аслида Россия Сурияда бундан кейинги йиллар мобайнида ҳам анча-мунча амалиётларни амалга оширган.
Юқорида қайд этилганлар Асадга ёрдам қўлини чўзиш баҳонасида Кремлнинг Суриядаги мақсадлари ва улар учун сарфланган пуллар эди. Путин ўшанда Асадни яна 9 йилгагина сақлаб қолиб, Қатар-Туркия газ қувурини ўйиндан чиқариш орқали Газпром қанча фойда кўргани бу чуқурроқ ҳисоб-китобни талаб қилади. Аммо бугун унинг бу йўлда сарфлаган миллиардлаб долларлари энди сариқ чақалик қийматга эга эмас. Улар Жўлоний ҳужумидаги алангада ёниб кул бўлди. Бироқ Путин Сурияда режим ўзгаришига қарамай, Россия ўз мақсадларига эришганини таъкидлашдан чарчамайди. Албатта, 25 йилдан буён деярли узлуксиз давом этиб келаётган раҳбарлиги давомида Россия етакчиси мағлубиятларга унчалик ҳам кўникмаган ва у муваффақиятсизликни тан олишга одатланмаган. Бироқ воқеликлар ва улардаги асл ҳақиқатларни рад қилиб бўлмайди. Рақамлар ва бугунги вазият шундан далолат беради – Путин Сурияда Россияни касодга учратди.
LiveБарчаси