Жўлоний илк хориж сафарини Туркияга қилиши мумкин
Олам
−
24 Январь
2239Ал-Жўлоний номи билан танилган Суриянинг янги етакчиси Аҳмад аш-Шаро яқин кунларда қўшни Туркияга илк ташрифини амалга оширади. Бу ҳақда “Dailiy Sabah” хабар берди.
Маълумотларга кўра, ушбу ташриф Сурияда инқилоб даврида Туркиянинг мухолифат кучларга кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдириш рамзи сифатида амалга оширилади. Бироқ ҳозирча Туркия ва Сурия расмийлари бу ташрифга изоҳ бермаган.
Маълумот учун, Аҳмад аш-Шаро бошчилигидаги “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” мухолифат кучлари Дамашқни қўлга киритиб, Башар Асадни Москвага қочишга мажбур қилганидан кейин Туркия разведкаси раҳбари Иброҳим Калин ва Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан биринчи бўлиб Дамашқда аш-Шаро билан учрашув ўтказган. Туркия 2011 йилда фуқаролик уруши бошланганидан бери Асад режимига қарши Сурия мухолифатини қўллаб-қувватлаб келади. Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Сурияни қайта тиклаш, янги конституция ишлаб чиқиш ва давлат тузилмаларини шакллантиришда янги маъмуриятга ёрдам беришни ваъда қилган.
Туркия расмийлари электр энергиясини Сурияга етказиб бериш орқали мамлакатдаги энергия тақчиллигини енгиллаштириш масаласида Дамашқда музокаралар ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда. Бундан ташқари, Туркия аш-Шаро маъмуриятининг Сурия ҳудудида террорчи гуруҳлар, хусусан, “Курдистон ишчилар партияси” ва унинг Суриядаги бўлинмаси билан курашиш борасидаги ишончли қадамларини қўллаб-қувватламоқда.
Аҳмад аш-Шаро ўз маъмурияти “Курдистон ишчилар партияси” террор гуруҳининг Сурия ҳудудидан база сифатида фойдаланишига йўл қўймаслигини ва мамлакатнинг бирлигини таъминлашини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурия ўтиш даври ҳукумати ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Асад Ҳасан ал-Шибоний Дамашққа борган Араб Лигаси делегацияси Бош котиб ёрдамчиси Ҳусам Закий бошчилигидаги делегация билан учрашувдан сўнг Дамашқдаги янги муваққат ҳукумат Сурия халқининг иродасини қўллаб-қувватлаши ва Суриянинг минтақавий ташкилотдаги ўз ўрнига қайтиши учун Араб Давлатлари Лигасига умид қилаётганини айтган эди.