Россия сафарбарликдан қочаётганлар рўйхатини шакллантиряпти

Олам

image
0:00
0:00
download

Россия “махсус ҳарбий операция” ва қисман сафарбарлик фонида мамлакатни тарк этганлар рўйхатини юритмоқда. Бу ҳақда Давлат думаси раиси Вячеслав Володин маълум қилди.

“Биз кетганлар рўйхатини тузяпмиз. Улар ким кетганини, нима учун кетганини ҳеч ким кўрмайди, деб ўйлашяпти”, дейди сиёсатчи.

Бунга жавобан, Думанинг Мудофаа қўмитаси аъзоси Андрей Гурулев мамлакатдан чиқиб кетаётган россияликларнинг рўйхатлари юритилмаслигини, чегарани кесиб ўтган фуқароларнинг ягона маълумотлар базаси мавжудлигини маълум қилди.

“Россия чегарасини кесиб ўтадиган одамлар учун ягона база мавжуд. Чегарани кесиб ўтганлар ушбу ягона маълумотлар базасида ўз аксини топган”, дейди Гурулев.

Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Россияда сафарбарлик бошланди. Россия Президенти Владимир Путиннинг сўзларига кўра, резервда бўлган ва тегишли ҳарбий мутахассислик ва жанговар тажрибага эга фуқаролар муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.

Ҳукумат порталида 35 ёшгача бўлган оддий аскар ва сержантлар, 50 ёшгача бўлган кичик офицерлар, 55 ёшгача бўлган катта офицерлар биринчи навбатда сафарбар қилиниши айтилган. Сафарбарлик ортидан россияликлар оммавий равишда ватанини ташлаб, хорижий давлатларга чиқиб кетишни бошлади.

Шойгунинг сўзларига кўра, сафарбарлик доирасида 300 минг кишини армияга олиш режалаштирилган. Шунингдек, Россия охирги 10 йилда фуқароликка қабул қилинган марказий осиёликларни ҳам ҳарбий хизматга жалб қилмоқчи экани ҳақида хабар берган эдик.

Фарангиз Салимова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

сафарбарлик

Баҳолаганлар

95

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг