Россия Польшанинг уч дипломатини мамлакатдан ҳайдади
Олам
−
05 Декабрь
2471Россия Польшанинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонасининг уч нафар ходимини персона нон грата деб эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Россия 2025 йил 10 январдан бошлаб Польшанинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонаси фаолиятини тугатмоқда. Шу сабабли уч нафар дипломат ушбу санагача Россия ҳудудини тарк этиши керак.
Бу қарор Польша томонидан жорий йилнинг 30 ноябрь куни Познандаги Россия Бош консулхонасининг ёпилишига жавобан қабул қилинган. Ташқи ишлар вазирлиги Польша ҳукумати бу ҳаракатни “уйдирма сабаблар” асосида амалга оширганини таъкидлаган.
Шунга қарамай, Россиянинг Гданск ва Краков шаҳарларида иккита бош консулхонаси, шунингдек, Варшавадаги элчихона қошидаги консуллик бўлими фаолиятини давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Польша Познандаги Россия бош консулхонасини ёпиш қарорини октябрь охирида эълон қилганди. Ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский бу қарорни Россия томонидан амалга оширилаётган “диверсия фаолияти” билан изоҳлаган.