Небензя НАТОга Украинанинг Россия ҳудудидаги зарбалари оқибатлари билан таҳдид қилди

Олам

image

Украина ҳудудидан Россияга Ғарб қуроллари билан зарбалар НАТОни Россия Федерациясининг Украинага қарши урушига “тўғридан тўғри жалб қилади”. Бу ҳақда кеча, 13 сентябрь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя маълум қилди.

Россия ташаббуси билан БМТ Хавфсизлик кенгаши Украинага Ғарб қуролларини етказиб бериш бўйича навбатдаги йиғилиш ўтказди. Василий Небензя Украинанинг Россия Федерациясига чуқур зарба бериш учун Ғарб қуролларидан фойдаланиши муҳокамасидан хавотир билдирди.

Ўз навбатида, Америка вакили Роберт Вуд Қўшма Штатлар Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратишда ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади.

Василий Небензянинг айтишича, агар Россия ҳудудида Ғарб қуролларидан фойдаланишга қўйилган чекловлар бекор қилинса, “бу Россиянинг Ғарб лагери билан муносабатларини тубдан ўзгартиради”.

“Бу энди НАТО давлатлари Россия билан тўғридан тўғри уруш бошлашини англатади. Бундай қуроллардан фойдаланиш фақат АҚШ ва Европа Иттифоқи сунъий йўлдошларидан олинган разведка маълумотларига эга бўлган тақдирдагина мумкин. Украинанинг ўзи бундай имкониятга эга эмас. Фақат НАТО ходимлари ракета тизимлари учун парвоз миссияларини дастурлаши мумкин. Аслини олганда, гап Киевга бутун Россия бўйлаб узоқ масофали қуроллардан фойдаланишга рухсат бериш ҳақида эмас, балки тўғридан-тўғри Ғарбда зарба бериш учун нишонлар бўйича қарор қабул қилиш ҳақида кетмоқда. Украина миллатчиларининг расман тугмани босиши муҳим эмас. НАТО ядровий кучга қарши тўғридан-тўғри ҳарбий ҳаракатлар мамлакатига айланади. Менимча, бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушунтиришга ҳожат йўқ”, дейди Небензя.

Небензя, шунингдек, халқаро ҳамжамиятнинг Россиянинг Эрондан қисқа масофага учувчи ракеталарни сотиб олгани ҳақидаги айбловларини “туҳмат” деб атади. 

Бироқ АҚШнинг БМТдаги элчиси Роберт Вуднинг айтишича, айнан Эрон ракеталарини етказиб бериш вазиятнинг кескинлашувига олиб келаётгани шубҳасиз ҳақиқатдир.

“2023 йил охирида Эрон ва Россия Украинага қарши тажовузни давом эттириш учун Россияга юзлаб ракеталарни етказиб бериш бўйича келишув имзолади. Жорий йилнинг ёзида эронлик мутахассислар россиялик ҳарбийларга Фатҳ-360 тизимидаги Эроннинг қисқа масофали ракеталаридан фойдаланишга ўргатишган. Россия шу ойда Эрондан юзлаб шундай ракеталарни олди. Уларнинг максимал парвоз масофаси 120 километрни ташкил қилади. Улар Россияга ўзининг узоқ масофали ракеталарини бутун Украина бўйлаб қўллаш ва қишда Украина инфратузилмасини янада йўқ қилиш имконини беради. Эрон ракеталарининг узатилиши жиддий эскалация ва беқарорлаштирувчи омил бўлиб, украиналикларнинг азобини оширади”, деди Роберт Вуд.

Америка вакили Қўшма Штатлар Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишга тайёрлигини билдирди.

“Украинага ракета ҳужумларидан ҳимоя қилишда шошилинч ёрдам бериш зарурлиги аниқ. Бу ҳужумлар БМТ Низомини бузади ва халқаро тинчлик ва хавфсизликка, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлигига путур етказади. Кечагина Россия Қора денгизда Мисрга буғдой олиб кетаётган фуқаро юк кемасини уриб юборди. Украинада интеграциялашган ҳаво мудофаа тизимини қуриш биз учун устувор вазифадир ва бу ҳужумлар бизнинг ҳаракатларимизни тўхтата олмаслигимизни кўрсатади. Биз Украина билан Россиянинг ракета ва дрон ҳужумларидан ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятларга эга бўлишини таъминлаш учун ҳамкорлик қиламиз”, деди Роберт Вуд.

“The Guardian” газетасининг ёзишича, Буюк Британия аллақачон Украинага Россияга етказиб бераётган Storm Shadow қанотли ракеталарини учиришга рухсат берган. Бироқ, Қўшма Штатлар бундай рухсат бермади. “The Guardian” нашри Вашингтон ва Лондон бу масала бўйича биргаликда ижобий қарор қабул қилгани ва шунинг учун ҳам АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми 11 сентябрь куни Киевга бирга келганини ёзди. Бироқ уларнинг ташрифи чоғида Украина Қуролли кучлари учун ҳарбий чекловлар бекор қилингани ҳақида расмий хабар берилмаган.

Россия Президенти Владимир Путиннинг айтишича, Украинанинг Россия ҳудудига зарбалари учун Ғарбнинг узоқ масофали аниқликдаги қуролларидан фойдаланиш НАТО давлатларининг урушда бевосита иштирок этишини англатади.

“Бундай ҳолда, Украинадаги можаронинг моҳияти ўзгаради ва Россия пайдо бўлаётган таҳдидлар асосида тегишли қарорлар қабул қилади", деб таҳдид қилди Путин.

Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер Вашингтонга учишидан олдин унинг мамлакати Россия билан “можаро қидирмаётганини” айтди. Шу билан бирга, Британия Бош вазири Украина билан урушни айнан Россия Федерацияси бошлаганини, Киев ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканлигини эслатди.

Германия Мудофаа вазири Борис Писториус 14 сентябрь куни халқаро қонунлар Украинага ўзини ҳимоя қилиш мақсадида Россия ичидаги нишонларга зарба беришга рухсат беришини айтди. Украина Президенти Владимир Зеленский Ғарб ҳамкорларидан бунга рухсат беришни сўради.

АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 13 сентябрь куни Вашингтонда Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер билан учрашди. Икки давлат етакчилари Украинани “шаклсиз” қўллаб-қувватлашларини яна бир бор тасдиқлади. Бироқ учрашувдан сўнг Украина Қуролли кучларининг Ғарб қуроллари билан Россия Федерацияси ҳудудларини нишонга олиш учун кутилаётган рухсати эълон қилинмади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Василий Небензя

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг