Россия киносаноати кадрлар танқислигига учради

Маданият-санъат

image

Голливудда минглаб актёрлар киностудиялар билан келишмовчиликлар сабаб ишсизликдан азият чекаётган бир вақтда Россия кино саноатида сериал ва кўрсатувлар танқислиги ҳамда киноактёрлар вакансияларининг сезиларли даражада ортиши кузатилмоқда. Бу ҳақда “Коммерсантъ” нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, сўнгги олти ой ичида Россия Федерациясида актёрларнинг бўш иш ўринлари сони 17 фоизга, кино ишлаб чиқариш бўйича мутахассислар сони 77 фоизга ошди. Жумладан, гримёрлар, техниклар ва оператор ёрдамчиларига талаб ортиб бормоқда. Мутахассисларнинг билдиришича, янги контент ишлаб чиқарувчи онлайн платформалар ва телеканаллар ўртасида кадрлар учун рақобат кучайган.

Йилнинг биринчи ярмида биргина HеаdHunter портали (онлайн кинотеатрлар ва кабель телевидениеси)нинг теледастурлар ва фильмлар ишлаб чиқариш соҳасидаги бўш иш ўринлари сони умумий ҳисобда 24 фоизга, актёрларга талаб эса 17 фоизга ошган.

Билдирилишича, бундай танқисликка пандемия даврида онлайн платформаларнинг сериалларга оммавий буюртма беришни бошлагани сабаб бўлган. Бу телеканаллар ва платформаларнинг телемаҳсулотларни биринчи бўлиб намойиш этишга интилиши ва бунинг учун ёзувчи ва продюсерларга катта пул тўлашига олиб келди. Натижада ушбу соҳа вакилларининг хизматлари нархи ҳозирга кунда ҳам жуда юқори бўлиб қолмоқда.

Chill веб-кинотеатрини ривожлантириш бўйича директор Жан Просяновнинг сўзларига кўра, битта эпизод учун тўланадиган нархлар 500-700 минг рублга етади.

“Бу деярли икки баравар юқори — бозор мувозанати шароитида битта серияни ёзиш хизматлари 300-400 минг рублни ташкил қилади”, деди у.

Эслатиб ўтамиз, америкалик актёрлар уюшмаси SAG-AFTRA ва унинг музокарачилари 12 июль куни Голливуд студиялари билан келишувга эришиб бўлмагани сабаб иш ташлашни тавсия қилди. Кейинчалик Муаллифлар гильдияси сунъий интеллект компанияларини уларнинг муаллифлик материалларидан ноқонуний фойдаланганликда айблаб, тўлов талаб қилди. Ушбу митинглар фонида актёр ва ёзувчилар фильм премьералари ва тадбирларига ташриф буюрмай қўйди. Натижада Голливуднинг доим юлдузлар билан гавжум бўладиган фестиваллари ҳувиллаб қолди. Актёрлар уюшмаси томонидан ташкил этилган сўнгги митинг кеча, 25 июль куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия ишсизлик сериал Голливуд кўрсатувлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг