Россия Қрим кўпригини қачон тиклаши айтилди

Олам

image

Россияни Қрим яримороли билан боғловчи Керч кўпригини тиклаш ишлари тергов тугаганидан сўнг дарҳол бошланади. Бу ҳақда аннексия қилинган Қрим раҳбари Сергей Аксенов маълум қилди.

“Бугун мен Қрим кўпригидаги ҳодиса сабабларини аниқлаш ва фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси ишида иштирок этаман. Зарарни бартараф этиш ва вайрон қилинганларни тиклаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. Тергов органларининг ҳаракатлари тугаганидан сўнг иш дарҳол бошланади”, дейилади унинг Telegram-каналида эълон қилинган хабарда.

Ҳозирча аниқ саналар эълон қилинмаган. Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, департамент етказилган зарар миқдорини баҳоламоқда.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 8 октябрь куни Қрим кўпригида портлаш юз берди ва натижада поезд цистернасида ёнғин чиқди. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари кўприкда юк машинаси портлатилганини маълум қилди. Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.

Ҳодиса юзасидан Россия Тергов қўмитаси жиноий иш очди.

Украина Президенти девони раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк ҳодисага муносабат билдириб, бу бошланиши эканини, ноқонуний қурилган барча нарса йўқ қилинишини таъкидлади.

Қрим кўприги Россиядаги энг узун кўприк бўлиб, унинг узунлиги 19 километрни ташкил қилади. Автомобиль қисми 2018 йил май ойида фойдаланишга топширилган. 2019 йил декабрь ойида эса унинг темир йўл қисми бўйлаб биринчи поездлар ҳаракатланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қрим кўприги

Баҳолаганлар

572

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг