Россия Қозоғистондан русларни қайтаришни талаб қилмоқчи эмас

Олам

image

Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги қисман сафарбарлик доирасида Қозоғистон, Грузия ва бошқа давлатларга қочган Россия фуқароларини мажбурий қайтариш бўйича мурожаат қилмаган ва буни амалга оширишни режалаштирмаган. Бу ҳақда вазирлик тарқатган баёнотда сўз боради. 

“Россия Мудофаа вазирлиги қисман сафарбарлик доирасида Қозоғистон Республикаси, Грузия ва бошқа мамлакатлар давлат органларига у ерда бўлган Россия фуқароларининг Россияга мажбурий қайтарилиши тўғрисида ҳеч қандай мурожаат юбормаган, ишлаб чиқмаган ва режалаштирмаяпти”, дейди вазирлик.

Аввалроқ Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазири Марат Ахметжанов Остона ҳарбий сафарбарликдан қочиб, мамлакатга келган Россия фуқароларини қайтариб бермаслигини айтган эди

“Биз Россия билан ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маҳкумларни алмашиш ва жиноятчиларни экстрадиция қилиш бўйича шартномавий алоқаларга эгамиз. Бу ерда энг муҳим тамойил – бизнинг мамлакатимизда ҳам, Россия Федерациясида ҳам – жиноий жавобгарликка тортиладиган ҳаракат. Бундан ташқари, қидирувга берилган тақдирда, биз бу шахсларни Россияга экстрадиция қилиш учун аниқлаб, экстрадиция қилишимизни биласиз”, деган Марат Ахметжанов.

Вазир гап Россиянинг сафарбар қилинган фуқаролари ҳақида кетаётганини алоҳида урғулаган.

Қозоғистон томони берган маълумотларга кўра, 21 сентябрда Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилингач 98 минг россиялик мамлакатга кириб келган.

Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Россияда сафарбарлик бошланди. Россия Президенти Владимир Путиннинг сўзларига кўра, резервда бўлган ва тегишли ҳарбий мутахассислик ва жанговар тажрибага эга фуқаролар муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.

Ҳукумат порталида 35 ёшгача бўлган оддий аскар ва сержантлар, 50 ёшгача бўлган кичик офицерлар, 55 ёшгача бўлган катта офицерлар биринчи навбатда сафарбар қилиниши айтилган. Сафарбарлик ортидан россияликлар оммавий равишда ватанини ташлаб, хорижий давлатларга чиқиб кетишни бошлади.

Шойгунинг сўзларига кўра, сафарбарлик доирасида 300 минг кишини армияга олиш режалаштирилган. Шунингдек, Россия охирги 10 йилда фуқароликка қабул қилинган марказий осиёликларни ҳам ҳарбий хизматга жалб қилмоқчи экани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

сафарбарлик

Баҳолаганлар

61

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг