Россия иқтисодиёти қай аҳволда?

Олам 13561
image

Россия иқтисодиётидаги вазият барқарорлашмоқда, рубль курси февраль ойи бошидаги даражага қайтяпти, чакана савдо тармоқларидаги товар захиралари ва талаб даражаси тикланмоқда. Бу ҳақда мамлакат Президенти Владимир Путин бугун, 18 апрель куни бўлиб ўтган иқтисодий масалалар бўйича йиғилишда айтиб ўтди.

“Инфлация мавзусига алоҳида тўхталиб ўтаман. Ҳозир у барқарорлашмоқда. Россия, юқорида айтганимдек, мисли кўрилмаган босимга дош берди. Вазият барқарорлашмоқда, рубль курси февраль ойининг биринчи ярмидаги даражага қайтди ва объектив мустаҳкам тўлов баланси билан белгиланади”, дейди у.

Путинга кўра, биринчи чоракда тўлов балансининг жорий ҳисобидаги ижобий салдо 58 миллиард доллардан ошган ва бу тарихий максимал ҳисобланади. Мамлакат банк тизимига нақд хорижий валюталар қайтмоқда, фуқароларнинг омонатлари ҳажми ортиб боряпти.

Шу билан бирга, фақатгина сўнгги бир ярим ой ичида Россияда истеъмол нархлари сезиларли даражада – 9,4 фоизга ошгани, йиллик ҳисобда эса, 8 апрель ҳолатига кўра, инфлация 17,5 фоизни ташкил этган.

“Истеъмол бозорига келсак, бир қатор товарлар учун қисқа шошқалоқликдан сўнг ҳар доимгидек чакана талаб нормал ҳолатга қайтди. Чакана савдо тармоқларидаги товар захиралари тикланмоқда”, дейди давлат раҳбари.

Россия Президентининг таъкидлашича, мамлакат расмийлари бозорни қўлда, сунъий тартибга солишга мурожаат қилмасдан, тўғри иш қилган, аксинча, хусусий бизнесга энг мақбул, самарали ечимларни топиш учун эркинлик берган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 38
Рейтинг: 3.1
t
×