Россия босқинига учраган Киев Анқарага илтимос билан чиқди
Олам
−
24 Февраль 2022
41845Расмий Киев Украинадаги вазият кескинлашган тақдирда Туркиядан Россия кемалари учун Босфор ва Дарданел бўғозларини ёпишни сўради. Бу ҳақда Украинанинг Туркиядаги элчиси Василий Бондар маълум қилган.
Василий Бондарнинг сўзларига кўра, Россия ҳарбий-денгиз кучларининг кемалари Киев учун “катта хавф” туғдирмоқда.
Унинг қўшимча қилишича, Украина “томонлар ўртасида маслаҳатлашув усулларидан тортиб, минтақадаги хавфсизлик таҳдидларига жавоб беришнинг умумий механизмини яратишгача бўлган қатор ташаббусларни” таклиф қилган.
Бундан олдин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған НАТО давлатлари етакчилари Украина-Россия муносабатларидаги инқирозни юмшатиш учун жиддий чоралар кўрмаганини айтганди.
Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилганди. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Украина ИИВ маслаҳатчиси эса Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирилганини маълум қилди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
Сўнгра, Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси томонидан эвакуация режаси ва Украина ҳудудини тарк этишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати ишлаб чиқилмоқдалиги маълум қилинди.
Украина ҳаво ҳудуди йўловчи ҳаво кемалари қатновлари учун ёпилиши муносабати билан “Uzbekistan Airways” АЖ Киевга парвозларни бекор қилди.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.
Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.
Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.
Шунингдек, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
LiveБарчаси