Россия АҚШни қўрқоқлик ва беадабликда айблади
Олам
−
25 Август 2023
9894Вашингтоннинг украиналик болаларни можаро ҳудудидан депортация қилиш ҳақидаги янги айбловлари уларнинг беадаблиги ва қўрқоқлигидир. Бу ҳақда Россиянинг АҚШдаги элчихонасининг баёнотида айтилади.
“Биз Украинанинг Мустақиллик куни муносабати билан маъмурият санкциялари фаоллигининг навбатдаги ўсишига эътибор қаратдик. АҚШнинг украиналик болаларни можаро зонасидан мажбуран кўчириш ва ноқонуний депортация қилиш ҳақидаги янги айбловлари, уларнинг жирканчлиги, беадаблиги ва қўрқоқлигидан дарак. Вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш байроғи остида Вашингтон бошқа нарсалар қатори “Артек” халқаро болалар марказига нисбатан чекловлар жорий қилмоқда. Агар АҚШда ҳимоясизларни ортга қайтариш истаги бўлмаса, бу нима?" дейилади баёнотда.
Элчихонанинг иддао қилишича, АҚШнинг ўзини украин болаларининг асосий ҳимоячиси сифатида кўрсатишга уриниши на де-юре, на де-факто оқланади.
“Қўшма Штатлар шу кунгача аҳолининг ушбу заиф тоифасини ҳар томонлама ҳимоя қилишнинг асосий стандартларини белгилаб берувчи БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилмаган”, дейилади элчихона хабарида.
Шунингдек, элчихона Вашингтоннинг уруш зонасидаги болалар билан боғлиқ вазиятдан хавотирли ташвиши, биринчи навбатда, АҚШ ҳукумати Украинани болаларни халқаро асраб олишнинг асосий манбаларидан бири деб билиши билан боғлиқлигини билдирган.
“Биз Вашингтонни геосиёсий масалаларни ҳал қилиш учун болалар муаммоларидан беҳаёларча фойдаланишни бас қилишга чақирамиз. Америка ҳукумати маънавиятли бўлиш ўрнига, ўз ҳаракатларига, жумладан, Киевга оғир қуроллар етказиб беришга танқидий қарашлари керак, улар орасида болалар ҳалок бўлади”, дейилади баёнотда.
Маълумот учун, Россия 2022 йилнинг 24 февраль куни Украинага уруш бошлади. Мамлакатнинг Украинага ҳужуми оқибатида ҳозирга қадар 500 нафар бола ҳалок бўлган.
Аввалроқ Украинадан дам олиш ва реабилитация учун 45 нафардан иборат болалар гуруҳи Ўзбекистонга олиб келинганди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 24 август куни Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байден АҚШ Россияга қарши янги санкциялар эълон қилганини айтиб чиққанди. Байден мажбурий кўчириш ва депортация қилишда айбдорларни жавобгарликка тортиш ва украиналик болаларни ўз оилаларига қайтаришни талаб қилиш учун янги санкциялар жорий қилганини билдирган.
LiveБарчаси