Россия Африка давлатларига донни текинга етказиб беради – Путин
Олам
−
27 Июль 2023
8628Россия Президенти Владимир Путин мамлакат яқин ойлар ичида Африка давлатларига донни текинга етказиб беришини айтди. Бу ҳақда у Санкт-Петербургда давом этаётган Россия-Африка иқтисодий ва гуманитар форумининг ялпи мажлисида сўзлаган нутқида маълум қилди.
Қайд этилишича, Путин доимгидек Ғарбни “дон келишуви бўйича мажбуриятларини бажармаётгани” учун танқид қилган. Шунингдек, у Россия яқин 3-4 ой ичида Африканинг айрим давлатларига 25-30 минг тонна донни текинга етказиб беришини эълон қилган.
Путин “жаҳон озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшиши керак бўлган ташаббус ўз мақсадига эришмаганидан” афсусда эканини билдирган. Унинг таъкидлашича, Украинада етиштирилган доннинг 70 фоиздан ортиғи Европа Иттифоқига йўналтирилган ва бунинг учун ҳақиқатда муҳтож бўлган Африка давлатларига бор-йўғи 3 фоиздан камроқ, яъни, миллион тоннага яқин дон етказиб берилган.
Путин яна бир бор Ғарб томонидан Россиянинг талаблари бажарилмагани учун мамлакат келишувдан чиққанини даъво қилган ҳолда, мазкур қарор фонида Россия Африка қитъасининг Буркина-Фасо, Зимбабве, Мали, Сомали, Марказий Африка Республикаси ва Эритрея мамлакатларига 25-30 минг тонна ғалла яқин ойларда бепул етказиб берилишини айтган.
“Россиянинг жаҳон бозорларига дон ва ўғит экспортини санкциялардан чиқариш бўйича келишув шартларидан ҳеч бири бажарилмади”, дейди Путин.
Маълумот учун, Россия жорий йилнинг 17 июль куни муддати тугаган дон келишувини узайтиришни истамади. Бу ҳолат Украина донининг асосий импортчилари бўлган Африканинг қашшоқ мамлакатларида очарчилик хавфини оширди. 18 июль куни эса Украинанинг дон экспортини амалга оширувчи портларига ракета ва дрон ҳужумлари уюштирилди. Оқибатда 60 минг тонна ғалла йўқ қилинди. Ғарб Россияни озиқ-овқатдан қурол сифатидан фойдаланишда айблади.
Эндиликда дон келишуви якунлангани оқибатида жаҳон бозорида ғалла нархи 15 фоизгача кўтарилиши мумкинлиги тахмин қилиняпти. Шунга қарамай, БМТ ва Европа Иттифоқи давлатлари Украина донини қуруқлик орқали экспорт қилиш имкониятларини ўрганяпти. Россия эса дон келишуви узайтирилмаган тақдирда Африка давлатларига ғаллани текинга етказиб бериши мумкинлигини айтганди.
Таҳлилчилар жорий йилнинг 27-28 июль кунлари Санкт-Петербургда ўтказилаётган Россия-Африка саммитида Россия Африка учун дон ва ёнилғи етказиб бериш бўйича қандайдир ваъдалар бериши, чунки унда таклиф қилиш учун бундан бошқа нарса йўқлигини таъкидламоқда. Бу орқали Россия Африка давлатларининг қўлловига эришиш, улардан Ғарбни Россияга қарши санкцияларни юмшатиш учун кўндириш мақсадида лобби сифатида фойдаланиши ёки Бирлашган Миллатлар Ташкилотида қабул қилинадиган қарорларда у томонида туриш ё ҳеч бўлмаганда бетараф қолишга ундашни мақсад қилган бўлиши мумкинлиги айтиляпти. Бироқ, 2019 йилда Сочида бўлиб ўтган худди шундай саммитдан фарқли ўлароқ, бу сафар Россияга бор-йўғи 17 та давлат раҳбари ташриф буюрди. Тўрт йил аввал унда 43 нафар давлат раҳбари қатнашган. Россия бу галги саммитга бир қанча Африка етакчиларининг ташриф буюрмаганида Ғарбни уларга нисбатан босим ўтказиш ва шу орқали Санкт-Петербургдаги саммитни саботаж қилишда айблади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Африка давлатларини биргаликда АҚШ долларидан воз кечишга чақирганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь