Роналду ва МЮ “Олд Траффорд”да очко йўқотди
Спорт
−
02 Октябрь 2021
3844Бугун, 2 октябрь куни “Олд Траффорд” стадионида Англия Премьер лигасининг 7-тури доирасида “Манчестер Юнайтед” ўз майдонида “Эвертон” билан дуранг натижа қайд этди.
Криштиану Роналду ва Поль Погба заҳирада қолдирилган ўйинда ҳисоб биринчи бўлим охирида очилди. 43-дақиқада “қизил иблислар” ҳужумчиси Антони Марсиаль Бруно Фернандешнинг узатмасидан сўнг, гол уриб, ҳисобни очди.
Иккинчи таймнинг 65-дақиқасида “Эвертон” ярим ҳимоячиси Андреас Таунсенд Абдулай Дукуренинг узатмасини голга айлантирди ва мувозанатни тиклади. 86 –дақиқага келиб, “Эвертон” ҳимоячиси Ерри Мина манчестерликлар дарвозасини ишғол этганди, бироқ ВАР тизими орқали вазият текширилгач, офсайд сабаб гол бекор қилинди.
Эслатиб ўтамиз, ўйинни Майкл Оливер бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқариб борди.
Маълумот учун, АПЛнинг 8-турида “Манчестер Юнайтед” “Лестер Сити” меҳмони бўлса, “Эвертон” ўз майдонида “Вест Хэм”ни қабул қилади. Учрашувлар 16-17 октябр кунлари бўлиб ўтади.