Робот ошпазларни доғда қолдиряпти
Технология
−
19 Август 2023
5030Исроилнинг “Kitchen Robotics” компанияси соатига 75 та идишда овқат ишлаб чиқариш қувватига эга роботни яратди. Бу ҳақда “Kitchen Robotics” нашри хабар берди.
Ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига кўра, робот ҳар қандай таомни тайёрлай олади: шўрва, салат, стейк, гарнир ва бошқалар. Шунингдек, улар сарфланадиган вақт миқдорини ҳам қисқартиради. Баъзи таомларни тайёрлаш учун ҳатто бир дақиқадан камроқ вақт кетади. Ускунани бошқариш учун катта ишчи кучи ҳам талаб этилмайди – битта ходим кифоя қилади.
Таом тайёрлаш учун ишчилар фақатгина керакли ингредиентларни ускунага солиши ва рецептни киритиши керак. Қурилмада суюқликлар учун 12 та, бошқа маҳсулотлар учун эса 23 та идиш мавжуд. Шунингдек, роботдан фойдаланганда озиқ-овқат чиқиндилари миқдори 33 фоизга камаяди.
Ҳозиргача “Kitchen Robotics” 10 та ускунани тайёрлаган. Бироқ келгуси йилда ишлаб чиқаришни 10 баробар оширишни режалаштирмоқда. Компания бутун дунё бўйлаб маҳсулотларни етказиб беришга тайёр. Ошпаз роботнинг нархи эса ҳозирча 3 минг 970 АҚШ доллари этиб белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Жорий йилнинг 30 июнь куни EveR 6 номли андроид робот Сеулда Жанубий Корея миллий оркестри концертида дирижёрлик қилди. Бу мамлакат тарихидаги илк робот дирижёр ҳисобланади.
LiveБарчаси