Кореяда илк бор робот дирижёрлик қилди

Технология

image

Жорий йилнинг 30 июнь куни EveR 6 номли андроид робот Сеулда Жанубий Корея миллий оркестри концертида дирижёрлик қилди. Бу мамлакат тарихидаги илк робот дирижёр ҳисобланади. Бу ҳақда CNN нашри хабар берди.

Унда айтилишича, EveR 6 роботи тингловчиларга манзур келган бўлсада, мутахассислар томонидан турли танқидларга учраган. Анъанавий корейс мусиқасини ўрганувчи аудитория аъзоси Ли Ён Чжу роботнинг ҳаракатлари ритмни сақлашда бенуқсон бўлсада, оркестрни биргаликда ушлаб туришга қийналганини айтди.

"Робот бу ишни бенуқсон бажариши учун унинг устида яна ишлаш керак", дейди Ли.

Корея саноат технологиялари институти томонидан ишлаб чиқилган мазкур робот Корея Миллий театрида мамлакат миллий оркестридаги етакчи мусиқачилар иштирокида илк дебютини ўтказган. Одам кўринишидаги робот дастлаб томошабинларга таъзим қилиб, қўлларини силкитган.

Роботни назорат қилиб, у билан бирга спектаклни олиб борган Чой Су Ёул унинг ҳаракатлари умуман олганда бенуқсон бўлганини айтди.

"Робот тўлиқ ҳаракатларни мен тасаввур қилганимдан ҳам яхшироқ тақдим эта олди. Бу орқали робот ва одамлар бир-бирини тўлдириб боради”, дейди у.

Tомошабин 62 ёшли Сонг Ин Хонинг айтишича, EveR 6’нинг чиқиши яхши даражада бўлган.

"Ўйлайманки, у мусиқани тушуниш ва таҳлил қилиши учун сунъий интеллект билан жиҳозланган. У янада мукаммаллаштирилса, дирижёрликни назоратсиз ўзи бажариши мумкин", дейди Сонг.


Мақола муаллифи

Теглар

Корея робот дирижёр

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг