Шавкат Мирзиёев Кореядаги ўзбекистонликлар билан учрашди

Жамият

image

Бугун, 15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига давлат ташрифи чоғида ушбу мамлакатда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ўзбекистонликлар билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, норасмий муҳитда ўтган самимий суҳбат давомида Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар ва уларни ҳаётга фаол татбиқ этишга ўзбекистонликлар қўшаётган ҳиссаси муҳокама қилинган.

Учрашув иштирокчилари Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида иқтисодиёт, илм-фан ва таълим соҳаларидаги алоқаларни кенгайтиришга қаратилган бир қатор илғор таклифларни илгари сурган. 

Миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва давлат бошқарувига сунъий интеллект ҳамда Кореянинг рақамли технологияларини интеграция қилиш, тиббиёт, транспорт, божхона ва туризм соҳаларида инновацион ечимларни илгари суриш, миллий тўлов тизимлари ва пул ўтказмалари платформаларини жадал ривожлантириш ҳамда ахборот технологиялари соҳасида мутахассислар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш бўйича аниқ таклифлар билдирилган. Хусусан, Корея Республикасида Ўзбекистон маданий марказлари тармоғини кенгайтириш, ўзбек тилини ўрганиш дастурларини ривожлантириш, икки мамлакат ҳудудида турли маданий тадбирларни ўтказиш ҳамда ўзбек мумтоз адабиёти намуналарини корейс тилига таржима қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Давлат раҳбари мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига қўшаётган салмоқли ҳиссаси учун ўзбекистонликларга миннатдорлик билдириб, уларнинг ҳар бир ташаббуси батафсил ўрганилишини, энг муҳим лойиҳалар ҳар томонлама амалий қўллаб-қувватланишини таъкидлаган.

Ўзбекистон етакчиси учрашувда қатнашган профессорлар, тадбиркорлар, фаоллар ва талабаларга ўқишда ва касбий фаолиятда муваффақиятлар тилаб, давлат улар билан мулоқотга доимо очиқлиги, уларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга тайёрлигини алоҳида қайд этган.

Ўз навбатида, учрашув иштирокчилари Президентга ёшларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва орзу-ниятларни рўёбга чиқариш учун яратилаётган янги имкониятлар учун самимий миннатдорлик билдириб, ўз билим ва ғайратини мамлакат фаровонлиги ва равнақи йўлида сафарбар этишга ҳамиша тайёр эканлигини айтган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг