Роботлар иштирокида илк футбол ўйини бўлиб ўтди

Технология

image

Хитойда роботлар иштирокида дунёдаги биринчи футбол ўйини ўтказилди. Бу ҳақда “Independent” хабар берди.

Бутунлай автоном тарзда ўтган ушбу футбол ўйинида фақат сунъий интеллект томонидан бошқарилувчи гуманоид роботлар қатнашган. Улар илғор визуал сенсорлар билан жиҳозланган бўлиб, тўпни аниқлай олиш, майдонда ҳаракатланиш ва йиқилгач, ўз-ўзидан туриб кетиш имкониятига эга эди.

Бироқ ҳамма роботлар бу вазифани уддалай олмаган. Улардан икки нафари “ҳушини йўқотиб”, яъни ҳаракатга жавоб бермай қўйгач, майдондан олиб чиқиб кетилган. 

Ўйин кўплаб кулгили воқеаларга бой бўлган ва техник хатоликлар юз берган. Роботлар секин ҳаракатланган, бир-бирига урилган, баъзида эса йўналишни йўқотган. Шунга қарамай, ташкилотчилар роботлар томонидан атрофни англаш ва қарор қабул қилиш технологияларида катта силжишлар кузатилганини таъкидлаган.

Booster Robotics компанияси асосчиси Чен Ҳао бу каби спорт мусобақалари гуманойид роботлар учун мукаммал синов майдончаси эканини айтган. У, шунингдек, келажакда роботлар ва одамлар биргаликда хавфсиз футбол ўйинида иштирок этишлари мумкинлигини ҳам айтиб ўтган.

Тадбир ташкилотчилари бу каби мусобақалар сунъий интеллект ва гуманойид роботлар имкониятлари ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга хизмат қилишини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда роботлар ўртасида дунёдаги илк бокс турнири ҳам бўлиб ўтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

футбол Робот

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг