Расмийлар “Учкўприк воқеаси”ни Бош прокуратура ва ИИВдан ўрганиб чиқишни сўрашмоқда
Жамият
−
23 Апрель 2020
8587Хабарингиз бор, Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидан бўлган, “Маърифат” газетаси Шарифа Мадраҳимова туман марказидаги бозорда нархлар билан танишиш жараёнида ҳокимлик вакиллари томонидан қаршиликка учради. Бу қаршилик жисмоний куч ишлатиш йўли билан амалга оширилгани боис ижтимоий тармоқларда кўплаб норозиликларга сабаб бўлди. Шундан сўнг, навбат расмийларга келди.
АОКА раҳбари Дилшод Саиджонов Telegram’даги ўз саҳифасида воқеа юзасидан ўз муносабатини билдирди.
“Кеча Агентлигимизга “Маърифат” газетаси журналисти Шарифа Мадраҳимовадан Фарғона вилояти, Учкўприк тумани ҳокимлиги томонидан ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида мурожаат келиб тушди.
АОКА воқеликни диққат билан ўрганиб чиқди ва якунда туман ҳокимлик вакиллари ҳамда туман ИИБ ходимлари томонидан “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида” ва “Журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси нормалари бузилиши эҳтимоли юзасидан вазиятга ҳуқуқий баҳо беришни сўраб, Бош прокуратурага мурожаат қилди. Ҳозирги вақтда Бош прокуратура масалани ўрганмоқда ва натижалари бўйича ўз қарорини билдиришни режалаштирмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқлик сиёсати давлат идораларидан халқ билан яқин мулоқот ўрнатиш, фуқароларнинг сўровлари, муаммолари ва таклифларига ўз вақтида жавоб беришни талаб қилади. Ушбу мулоқотни олиб боришда оммавий ахборот воситалари ва блогерлар беқиёс рол ўйнайди, улар халқимизга ахборот етказишда барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига катта ёрдам кўрсатмоқда. Улар, шунингдек, давлат идоралари матбуот хизматининг таянчи ҳисобланади.
Aгентлик барча давлат идоралари ахборот соҳасида мамлакат қонунчилигини ҳурмат қилишлари ва конструктив танқидни тўғри қабул қилишлари шарт деб ҳисоблайди, чунки ОAВ ва блогерлар идораларнинг обрўси ва ҳаракатларига путур етказиш мақсадида танқид қилишмайди, балки шу орқали уларга фуқароларнинг маълум муаммоларини кўришларига имкон бериш учун, давлат органлари фаолиятидаги, хусусан жамиятни хабардор қилишдаги хатолар, камчиликлар ва уларни халқимиз манфаатларига мос равишда тезда бартараф этиш учун меҳнат қилишади”, дейди Саиджонов.
Ушбу масала юзасидан Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳам ҳолатни Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ўрганиб чиқишини сўраб мурожаат қилган.
“21 апрель куни Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида яшовчи журналист, “Маърифат” газетасининг вилоятдаги махсус мухбири Шарифахон Мадраҳимовага Учкўприк туман ҳокимлиги ва туман ИИБ ходимлари томонидан босим ўтказилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Фонд ушбу масала бўйича ҳам ҳолатни қонун доирасида батафсил ўрганиб чиқишни ҳамда журналистга нисбатан босим ўтказиш ҳолати аниқланган тақдирда мутасаддиларга тегишли тартибда чора кўрилишини сўраб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигига мурожаат йўллади.
Шуни алоҳида таъкидламоқчимизки, Масс-медиа фонди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди ҳамда барча бўғинлардаги мутасаддиларни журналист ва блогерларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқини ҳурмат қилишга чақириб қолади”, дейилади фонд баёнотида.