Расман: IBF Шоҳжаҳон Эргашевнинг жангига буйруқ берди
Спорт
−
28 Июнь 2023
18468Ўзбекистонлик боксчи Шоҳжаҳон Эргашевнинг IBF чемпионлик камари учун жангига расман буйруқ берилди. Бу ҳақда ташкилотнинг баёнотига таянган ҳолда, спортчининг промоутери Дмитрий Салита QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Қайд этилишича, Супер енгил вазн тоифасида IBF камари соҳиби пуерто-риколик Сабриель Матиас мажбурий ҳимоя жангини 2023 йил 25 августда ёки ундан олдин ўтказиши керак.
Мазкур йўналишда камар учун асосий даъвогар эса айнан ўзбекистонлик боксчи Шоҳжаҳон Эргашев ҳисобланади.
“Шу йилнинг 25 февралида IBF камарини қўлга киритган Сабриель Матиас мажбурий ҳимоясини 25 август ёки ундан олдин ўтказиши керак. Ҳозирда унга қарши асосий даъвогар 3-рақамли Шоҳжаҳон Эргашев”, дейилади IBF баёнотида.
Унга кўра, музокаралар дарҳол бошланиб, 26 июлгача якунланиши шарт. Боксчиларнинг вакиллари бир ой ичида жанг учун келишувга эриша олмаса бу масъулият IBF'нинг ўзига юклатилади.
Маълумот учун, Матиас профбоксда 20 та жанг ўтказиб, 19 та ғалаба ва 1 та мағлубият қайд этган. Даъвогар Шоҳжаҳон Эргашев эса фаолияти давомида 23 та жангда иштирок этиб, барчасида рақибларидан устун келган. У жангларининг 20 тасида нокаут, 3 тасида ҳакамлар қарори билан ғалабага эришган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь