Расман: Бобомурод Абдуллага очилган жиноят иши тугатилди
Жамият
−
23 Октябрь 2020
7462Журналист Бобомурод Абдулла (Абдуллаев)га нисбатан очилган жиноят иши тугатилди. Бу ҳақда унинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берди.
“Устимдан очилган жиноий иш тугатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати катта терговчиси Мансур Эргашев Ички ишлар вазирлигининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси катта инспектори Ўлмасбек Собиров ва адвокатим Арслон Шаймардонов иштирокида маълум қилди. Мен яна озодман”, деган Абдуллаев.
Унинг сўзларига кўра, ўша ернинг ўзида унга хорижга чиқиш паспортини ҳам қайтариб беришган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жорий йилнинг 12 август куни Ўзбекистон сўровига асосан, 22.01.1993 йилдаги “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Минск Конвенциясига мувофиқ, Бобомурод Абдуллаев Қирғизистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинганини хабар қилган эди. Шундан кейин у Тошкентга юборилди.
Бу орада Бобомурод Абдуллаевнинг онаси Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, ўғлининг айбсизлигини айтади ва уни қўйиб юборишларини сўрайди. 22 август куни Тошкентга олиб келинган Абдуллаев хулқ-атвор қоидаларига риоя қилиши тўғрисидаги тилхат асосида озод қилинди.
Маълумот учун, журналист Бобомурод Абдуллаев 2017 йил сентябрда Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-банди, яъни Ўзбекистон Республикаси конституцион тизимига қарши тажоввузда айбланиб ҳибсга олинганди.
Узоқ давом этган тергов ва суд ишидан сўнг, айбланувчи Бобомурод Абдуллаев Жиноят кодексининг 159-моддаси 4 банди билан айбдор, деб топилган ва унга 3 йил ахлоқ тузатиш ишларида бўлиш тайинланган.
Шунингдек, Абдуллаевнинг иш ҳақидан 20 фоизи давлат даромадига ушлаб қолиниши белгилаб қўйилган.
Абдуллаев 221 кун ҳибсда сақаланганини ҳисобган олган ҳолда, ушбу муддат жазо муддатидан чиқариб ташланди.
Шундан кейин Бобомурод Абдуллаевни назорат қилиш унинг ўзи яшаб турган Тошкент шаҳридаги Яккасарой ИИБга топширилган.
Кейинроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бобомурод Абдуллаевга Тошкент марказидан уч хонали уй совға қилди.